ҲАЁТ КЎЗГУСИ
Болалар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, уларнинг бадиий адабиётга бўлган қизиқишларини, китоб ўқишга интилишларини янада кучайтириш ҳамда ҳаётда эзгу мақсадларга эришишда китоб энг тўғри йўлни кўрсатувчи ишончли дўст эканлигини англатиш мақсадида туман ахборот ресурс маркази томонидан «Китоб – ҳаёт кўзгуси» мавзусида китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Тадбир давомида 2 апрель қандай кун сифатида нишонланиши, юртимизда китобхонлик маданиятини ошириш ва тарғиб қилиш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилаётгани, танловлар ҳақида, болаларнинг қанча китоб ўқиганлиги ва қандай китобларни кўпроқ мутолаа қилишга қизиқишлари ҳақидаги саволлар берилди, янги адабиётлар тарғиб этилди.
Шаҳноза РЕЖАББОЕВА,
туман АРМ маркетологи.
*****
Муҳтарам Президентимиз фармойишлари ва ташаббуслари билан мамлакатимизда бошланиб кетган китобхонлик, китобга эътибор, китоб нашр қилиш жараёни тобора юқори босқичга кўтарилиб бормоқда.
Апрель бошидаги китобхонлик ҳафталиги доирасида «Энг истеъдодли китобхон» кўрик-танловининг коллеж босқичи ўтказилди. Унда низомда кўрсатилган шартлар бўйича бешта китобхон иштирок этди. Танлов қизиқарли, ғоятда мунозарали, кўтаринки руҳда ўтди. Тадбир иштирокчиларига «Энг билимдон», «Энг зукко», «Энг иқтидорли» номинациялари берилиб, 1-ўринни қўлга киритган 72-гуруҳ ўқувчиси Гўзал Абдувалиева туман босқичига йўлланма олди.
Маҳмуда ХАЛИЛОВА,
Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежи АРМ раҳбари.
*****
Мактабимиз кутубхонасида ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти билан ҳамкорликда таътил даврида «Тарғиботчи китобхон ўқувчи» танлови ташкил этилди. Тадбирда иштирок этган ўқувчилар ўзларининг билимлари, ўқиган асарлари орқали салоҳиятларини намойиш қилишди. Танлов шартида «Мен севган асар», «Мен севган қаҳрамон» номинацияларида ўқувчилар ўзлари ёқтирган асарлари ва қаҳрамонлари ҳақида мулоҳазалар билдирдилар. Тадбир сўнгида фаоллик кўрсатган китобхон ўқувчилар кутубхоначи ва ёшлар иттифоқи томонидан фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Мактабимизда китоб тарғиботи давом этмоқда.
Замира ДАДАМИРЗАЕВА,
39-мактаб кутубхоначиси.

