ПОКЛИК ИНСОНГА ХОС
Азалдан кўклам юмушларига Наврўз нафаси уфура бошлаган дамларда киришилади. Ерларни юмшатиш, дарахтларни оқлаш, буташ ва янги гул кўчатлари экиш ишлари бошланади. Бу борада умумий ҳашарлар ташкил қилиниб, эзгу ниятлар билан юртимизни ободонлаштириш халқимизга хос олижаноб фазилатлардандир.
Яратувчи Зот инсонни ер жинсидан пайдо қилганлиги, сўнгра обод этувчи қилиб яратганлиги бежиз эмас. Инсондан ерни обод этиш талаб қилинади ва бу иш унинггина қўлидан келади.
Қаровсиз жойларни обод этиш, кўчат экиш, парваришлаш, боғлар барпо қилиш инсон ҳаётининг заруратидир. Баҳор янги меҳнат мавсуми. Бир йиллик экинларнинг кўпи баҳор фаслида экилади. Деҳқон ўз ишида ихлос билан, чиққан ҳосилдан улуш беришни аҳд қилиб, Аллоҳ Таолодан баракани сўраб, ҳаракат қилса, Аллоҳ Таоло барака беради.
Ер тирик бўлмаса, ундаги жонзотлар, жумладан, инсоният ҳам тирик бўлмайди. Муқаддас динимиз деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига катта эътибор беради ва тарғиб қилади.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз (САВ)дан жуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Масалан, «Сизлардан бирингизнинг қўлида кўчат бўлган ҳолда қиёмат қоим бўлса, қўлидаги кўчатни экишга қодир бўлса, турмасдан кўчатни эксин», «Ким Аллоҳга ишониб ва савоб умид қилиб, қаровсиз ерни обод қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради», кабилар.
Туманимизда бўлаётгани каби бизнинг почта алоқа бўлимида ҳам қишдан омонликда чиққанимиз шодлиги, бўлим ҳудудини ободонлаштириш, гул кўчатларини ўтқазишга алоҳида эътибор қаратганмиз.
Туманимиздаги барча корхона ва ташкилотларни, меҳнаткаш, тозалик ва покликни севувчи халқимизни доимо Уйчимизнинг Республикадаги озода туманлар қаторида эътироф этилишига ҳисса қўшишга чақираман.
Уйим йўл ёқасида жойлашгани боис бомдод намози вақтидан ҳам эртароқ «Тоза ҳудуд» ходимлари кўчага чиқарилган чиқиндиларни тозалаб кетишларига ҳар куни гувоҳман. Афсуски, тозаланган жойда икки соат ўтиб, яна ёқимсиз уюм пайдо бўлади. Тозалаб кетилган жойга чиқинди ташлаш, кун бўйи раҳбарларимиз ва йўловчилар, туманимиз меҳмонларининг назари тушиши қанчалик нохуш эканлигини ҳар ким ўйлаши керак.
Айрим хонадонлар аҳли ва савдо шохобчалари ходимларидан шу каби ҳолатларга барҳам берилишини жудаям илтимос қилган бўлардим.
Малика АБДУЛЛАЕВА,
туман почта алоқа бўлими мутахассиси.

