ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ ИЖРОСИ ЙЎЛИДА
Маълумки, ўтган йил охирида, 19 декабрда Президентимизнинг «Моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Мазкур қарорнинг чиқарилишига нима сабаб бўлди? Яхши биламизки, Ўзбекистонимиз қадимий, тарихий обидаларга, осори атиқаларга, моддий-маданий мероснинг кўплаб турларига, қимматли қўлёзмаларга, зиёратгоҳлар, табаррук қадамжоларга, табиий сирли-синоатли объектларга, ғоят ҳикматли ва тарбиявий удумларга, ҳузурбахш, тантанали байрамларга, машҳури жаҳон уламо-ю фузалоларга бойлиги билан жаҳон ҳамжамияти эътиборини асрлар оша тортиб келмоқда. Шу боис қимматли моддий-маданий меросимизни, ноёб объектларни муҳофаза қилиш, бу соҳада илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, реставрация-тиклаш ишлари сифатини яхшилаш, юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш ҳамда бу ишларда давлат назоратини кучайтириш зарурати пайдо бўлди. Буни теран англаган Прездентимиз мазкур қарорни ўз вақтида имзолади.
Маълумки, туманимиз ҳозиргача энг кам ўрганилган, тарихи ҳам анчайин мавҳумроқ, моддий-маданий мерос объектлари ҳам унча кўп бўлмаган ҳудуд саналади. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Биринчидан, туманимиз ҳудуди нисбатан кичик ва ўтмишда аҳоли тарқоқ яшаган. Тарихий воқеа-ҳодисалар ҳам унча кўп бўлмаган, бўлганлари ҳақида маълумотлар, ҳужжатлар жуда кам сақланган. Иккинчидан, рўйхатга олинган моддий, маданий мерос объектлари атрофлича, тўла-текис ўрганилмаган. Бугунги кунда туманда рўйхат бўйича 25 та моддий маданий мерос объекти бўлиб, уларнинг 16 таси тепаликлар (қаърида нималар сақлангани ҳали ўрганилмаган), 2 таси зиёратгоҳ – диққатга сазовор жой ҳисобланади. Жами объектларнинг 23 таси археологик ёдгорлик сифатида рўйхатга олинган. Булардан фақат Гумбаз МФЙда жойлашган Толмозортепада 1946-51 йилларда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилган, аммо ниҳоясига етмаган. Айрим қадимий буюмлар топилган. Қолган объектлар ўз тадқиқотини кутиб ётибди.
Шу ўринда айрим мулоҳазаларимизни баён қилмоқчимиз. Туманимизда кўплаб тарихчи, адабиётчи, географ педагогларимиз фаолият олиб бормоқдалар. Шу йўналишларда олийгоҳларда таҳсил олаётган талабалар, илмий-тадқиқот олиб бораётган магиcтрантлар бор. Улар ташаббус кўрсатиб, Президентимизнинг юқоридаги қарори ижроси йўлида саъй-ҳаракат қилсалар, диссертациялар тайёрласалар, туман раҳбарияти, масъул мутасаддилар Республика Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментига мурожаат қилиб, илмий экспедициялар, археологик изланишлар ташкил этсалар, туманимиз тарихига анчайин ойдинликлар киритиларди, янги-янги топилмалар аниқланиб, маданий меросимиз бойиб борарди.
Шу кунларда маҳаллалар фаоллари томонидан Даҳиякота зиёратгоҳида, Девона бува археологик объектида, «Бояғон азиз» қабристонида муайян ибратли ишлар олиб борилмоқда. Бу мақсадлар учун ҳукуматимиз томонидан ҳам моддий қўллаб-қувватлаш ишлари ташкил этилмоқда.
Ўринбой МЎМИНОВ.

