БАЙРАМЛАРНИ СЕВГАН ОНАМ
(муҳтарама волидам Дилоромхон ҳожи она Турсунова хотирасига бағишлайман)
Байрамлар ҳаётимиз кўрки, безагидир. Айниқса, болалар уларни интиқиб кутадилар. Эслайман, байрамдан бир кун аввал сира уйқумиз келмасди. Байрам учун атай тиктирган ёки янги олдирган кийимларимизни ёстиғимиз устига қўйиб, қучоқлаб ётардик. Хаёлимизда, агар ухламасак, тонг тезроқ отадигандай туюларди. Эртаси байрамга борардик, ота-онамиз, бобо-бувиларимиздан олган «байрамлик»ка нари борса, музқаймоқ, шар, ручка ва шунга ўхшаш майда-чуйда нарсаларни сотиб олардик-да, уйга бир олам таассурот ва ҳаяжон билан қайтардик.
Лекин ёшингиз улғайган сари байрамларга бўлган ҳавас-иштиёқ сўниб бораркан. Тўғри, байрам келишини кутамиз, фақат аксарият ҳолларда мазза қилиб дам олиш ёки улгурмаётган уй ишларини бажариб олиш учунгина кутамиз. Фарзандларимизга ҳам байрам учун янги либослар сотиб олишга ҳафсала қилмаймиз. Ана шундай пайтларда онам ёдимга келадилар.
Онамнинг исмлари Дилоромхон бўлса-да, отам «Дилбар» деб чақирардилар. Ҳақиқатан ҳам, дилбар аёл эдилар. Меҳмонни яхши кўрардилар. Агар тоблари йўқ чоғларида ёки кайфиятлари ёмон пайтда бирор ким келиб қолса, дарров «тузалиб» кетардилар. Айниқса, байрамларни жуда яхши кўрардилар, бизга ҳам, ўзларига ҳам оҳорли кийиш учун янги кийимлар сотиб олардилар, чевар бўлганлари сабаб, кўпинча қизларга энг сўнгги урфдаги матодан кўйлак тикиб берардилар. Ҳатто 80 ёшни қоралаган пайтларида ҳам бу одатларини канда қилмадилар. Байрамларда йўқлаб борганимизда, бизни ювиниб-таранган, қошларида ўсма, кўзларида сурма, эгниларида бошдан-оёқ янги либослар билан кутиб олардилар. Жиянлар ҳам бувилари совға қилган янги кийимларни кийиб, бизга кўз-кўз қилардилар, сўнгра байрам дастури бошланар эди. Бунда ҳаммадан кўпроқ онам завқ олардилар. Дастурхонга байрам баҳона тансиқ таом тайёрлатар эдилар. Совға олишни, совға беришни ёқтирардилар. 8 март учун келинларга, қизларга «шим» тикиб қўярдилар. Ҳайратланарлиси, «шим» матосининг рангини, гулини ҳар биримизнинг (5 келин, 2 қиз) дидимиз, касбимиз ва ёшимизга қараб танлар эдилар. Бизга аталган совғалар ичида қўшни дугоналари, қайсидир кўп болали маҳалладошларининг фарзандлари учун ҳам совғалар бўларди. Ҳаммамиз олиб келган совғаларни берар эканмиз, кўзлари ёш боладай чақнаб кетарди. Совға рўмол бўлса, дарров устма-уст ўраб олардилар, агар мато бўлса, эгниларига ташлаб олардилар. Аслида булардан-да аслроқ рўмолларининг ҳам, кийимларининг ҳам сон-саноғи бўлмаган онам нимага оддий совғалардан шунчалар қувонишларини тушунмас эдим. Ота-онамиз есинлар, деб кимдир ёғли патир, кимдир сархил мевалар, яна кимдир пишириқлар олиб келардик. Буларни дастурхонга қўйганимизда, тўй дастурхони бўлиб кетарди. Шунда онам: «Қизлар, дарров ошга урининглар, меҳмонхонага жой тайёрланглар, йигитлар, маҳалла эркакларини ошга айтиб чиқинг, эҳсон берамиз. Шунча нарса бизга ҳам, бошқаларга ҳам етади», -дердилар. Эҳсонга келганларга белбоғми, рўмолчами тарқатардилар. Ана шу лаҳзада онамни кўрсангиз эди! Бировга совға бериб, шунчалар қувонган, фахрланган одамни кўрмагансиз. Онам оддий байрамни ҳақиқий байрамга айлантира оладиган инсон эдилар.
Онажон, сиз учун совға олмай қўйганимга 2 йилдан ошди. Энди англаяпман, совға олганда, совға берганда, қувонганларингиз сабабини. Совға берадиган ва совға оладиган азизларнинг борлиги катта бахт экан. Барча фарзандларини жамулжам, бир дастурхон атрофида кўриш имкониятини бергани учун ҳам байрамлар шунчалар севимли экан, шу боис уларни интизорлик билан кутар эканлар онагинам.
Саксонда ҳам юзлари ажин кўрмаган онам,
Сочларининг қораси оққа кўнмаган онам,
Қошларида ўсмаси, кўзларида сурмаси,
Изларидан райҳоннинг иси бўйлаган онам.
Юришлари таманно, қаддилари ғоз онам,
Нима кийса ярашган, гўзал бепардоз онам.
Дилбар – Дилором онам, исму жисми мос онам,
Кўрмаганга армону кўрганга ҳавас онам.
Меҳмон келса севинган, улфати жонон онам,
Эҳсон бериб қувонган, очил дастурхон онам,
Юпун келса, бут бўлган, маҳзун келса шод бўлган,
Ҳожатбарор, очиқдил, суҳбати дармон онам!
Охиратингиз обод, руҳингиз шод бўлсин, онам! Онаси борлар, отаси борлар, бағри бутунлар, шошилинг! Байрам баҳона фарзандим дийдорига тўяман, деб сизни кутаётган бахту давлатингиз – онангиз ҳузурига боришни ва уларга ёқадиган совғани олишни унутманг!
Ҳалима ТУРСУНОВА,
ИИВ ҳузуридаги Наманган академик лицейи ўқитувчиси.

