ВИРТУАЛ ХАТАР

Интернет – шундай бир катта бозорки, бу ердан харидор ўзига керакли барча нарсани топади. «Ўргимчак тўри» дея ном олган виртуал олам орқали исталган фотосуратни кўриш ёки хоҳлаган видеороликни, фильмни томоша қилиш мумкин. Шунингдек, бу глобал тармоқ орқали ўзаро мулоқот қилиш, турли мавзуда фикр алмашиш, қолаверса, ўзларининг унут бўлиб кетган танишларини, болаликдаги дўстларини топишлари мумкин. Хуллас, бу бозорда туну кун одам гавжум, ҳаёт қайнайди!

Лекин биз айни дамда ушбу виртуал оламнинг ижобий жиҳатларини эътироф этган ҳолда, унинг бошқа жиҳатига, яъни ушбу бозордаги савдоси чаққон, кўпчилик харидорларни жалб қилаётган  «ўйинлар», «клиплар», «фотосуратлар» ва «видеолавҳалар», қисқаси, глобал тармоқдаги беҳаёликлар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Бугунги кунда интернет, уяли телефонлар орқали шахсни бадном қилувчи беҳаё тасвирларнинг тарқалиб, оммалашиб бораётгани дунё жамоатчилигини ташвишга солмоқда.

Маълумотларга қараганда, турли хил уяли телефонлар, планшетлар воситасида порнографик фильмларни, видеолавҳаларни тайёрлаш ва тарқатиш энг тез ва сердаромад пул топиш манбаига айланди.

Афсуски, ҳозирги пайтда интернетдан фойдаланувчилар, хусусан, ёшлар орасида кенг оммалашиб бораётган ижтимоий тармоқларда ҳам бу каби беҳаё фильм, видеолавҳа ва фотосуратлар исталганча топилади. Айниқса, «Odnoklassniki», «WeChat», «Faсebook», «Instagramm», «Twitter» ҳамда «ВКонтакте» ижтимоий тармоқларида порнография, ваҳшийлик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилувчи бир неча юзлаб сайтлар мавжуд. У сайтларга минглаб ёшлар аъзо экани аниқланган.

Интернетдаги беҳаёликни тарғиб қилувчи сайтлар, ҳамжамиятларга аъзо бўлиб, уларни доимий кўриб, кузатиб борувчи инсонлар, хусусан, ёшлар у ердаги фотосуратлар, видеолавҳаларни кўриш нақадар салбий оқибатларга олиб келишини билмоқлари лозим. Бунинг хатарли эканини замонавий тиббиёт ҳам таъкидламоқда, динимиз ҳам бундай жирканч ишлардан қайтармоқда. Зеро, инсон азиз, унинг соғлиги бебаҳо неъмат. Арзимаган, оний лаззатни деб азиз умримизга, бебаҳо соғлигимизга хиёнат қилмайлик.

Давронбек ҲОШИМЖОНОВ,

«Девонабобо» жоме масжиди имом ноиби.