ТЕШИБ ЧИҚҚАН ТЕКИН ПУЛ
«Олма», -деган билан оғиз чучук бўлмайди. Бунинг маъноси шуки, ҳаётингга маза киритиш учун тер тўкиб ишлашинг даркор. Қўл қовуштириб ўтирганга осмондан ҳеч вақо тушмайди.
Ровотлик В.Ш. тирикчиликдан қийналди. Боз устига, собиқ турмуш ўртоғи қарамоғидаги бир нафар фарзанд учун берадиган алимент пулини топиш ҳам бош оғриғи бўлди. Қаҳрамонимиз бундай кезда бирор юмушнинг бошидан тутиш лозимлигини билса-да, меҳнатга эгилишни истамади. Бу муаммонинг осон ечимини топди.
У қўшнисининг уйда йўқлигидан фойдаланиб, девор оша бегона ҳовлига тушади. Ичкари уйга киради ва уй тўридаги сандиқдан бир ярим миллион сўм пулни ўғирлаб чиқади. Ўғирланган пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб улгурмаёқ, унинг жиноятини ИИБ ходимлари фош этишди. Айбланувчи ўз айбига тўла иқрор бўлди.
Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида атрофлича ўрганиб чиқилди. Суд судланувчи В.Ш.га Ўзбекстон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда бир йил олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Нуриддин АҲМЕДОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди судья ёрдамчиси.

