СИФАТЛИ ҲОСИЛ ОЛИШ УЧУН

Мамлакатимизни зарарли организмлардан муҳофаза қилиш давлат аҳамиятидаги масаладир. Зарарли организмларни вақтида аниқлаб, уларга қарши кураш чора-тадбирлари кўрилмаса, республикамиз қишлоқ хўжалигига катта моддий зарар етиши мумкин. Мевали боғларни зарарли организмлардан уйғунлашган усулда ҳимоя қилиш тизими карантин, агротехник, физик, механик, биологик, кимёвий усуллардан самарали фойдаланишга асосланган. Тизимнинг асосий вазифаси ҳосилнинг юқори бўлишига эришиш, экологик жиҳатдан тоза, кимёвий моддаларнинг ўсимлик маҳсулотларидаги қолдиқ миқдори талаб даражасида бўлишига эришишдир. Бу усулда кимёвий воситалар билан ишлов бериш ҳашаротлар меъёридан юқори бўлган тақдирдагина қўллашни тақозо этади. Ўсимлик зараркунандаларига қарши курашда паразит ва йиртқич ҳашаротлар, бошқа зарарли организмлар сонини бошқариб турувчи омилларни, албатта, ҳисобга олиш зарур. Боғ зараркунандаларига қарши самарали кураш олиб бориш учун ёз ва қиш ойларида ҳар бир боғда 30 туп дарахт текшириб кўрилади (диагонал бўйлаб – 15 туп). Бунда ҳар бир дарахтнинг бутоқларидаги санчиб сўрувчи ва кемирувчи ҳашаротлар, каналар сони ҳисобга олинади. Олма қуртини аниқлаш учун дарахтнинг кўчган пўстлоқлари, ёриқларда жойлашиб олган қурт ва ғумбаклар сони, айнан шу дарахтнинг остида 5-10 см. чуқурликдан 50 см. сатҳдан 4 тадан тупроқ намуналари олинади. Элакдан ўтказилиб, ғумбак ва қуртлар аниқланади ва саналади. Масалан, бир туп олма дарахтида 5 та қурт топилса, 1 та баргда 2-5 та кана бўлса, кимёвий кураш чоралари амалга оширилади. Тавсия: ҳашарот ва касалликларга чидамли навлардан экиш кимёвий воситалардан фойдаланишни 5-15 мартагача камайтиради. Кўчатларни фақат фумигация қилинган, ҳашаротлардан тозаланганини экилса, доимий назорат қилиб борилса, ҳосилдорлик сақлаб қолинади.

Жўрахон АБДУЛЛАЕВ,

вилоят ўсимликлар карантини ҳудудий инспекциясининг тумандаги инспектори.