ИҚТИДОР СОҲИБАСИ
Мамлакатимизда ёш авлодни давр талаблари асосида, инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, замонавий илм-фан асосларини мукаммал эгаллашлари учун яратилаётган шароитлар дастлабки меваларини бера бошлади, десак хато бўлмайди.
Мактабларда, мактабгача таълим муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли болажонларимиз ўз иқтидор ва қобилиятларини кўрсатишмоқда.
Бизнинг 25-МТМда 2-ўрта гуруҳ тарбияланувчиси, 6 ёшли Моҳинур Ҳошимова ана шундай иқтидор соҳибаси сифатида ўзини намоён этмоқда. У ҳар жабҳада фаол, гуруҳнинг олди тарбияланувчиси сифатида хотираси кучли: ҳозирда саноқни мингдан оширган, рус ва инглиз тилларидан элементар сўзларни ўзлаштирган. Кўплаб шеърларни ёддан билади, катталардек фикрлайди, ҳар қандай саволга мулоҳаза қилиб жавоб беради. Бундан ташқари, турли тадбирларда чиройли рақс тушади, қўшиқ ўргатсак, талаб даражасида ижро этади. Мактабга қабул синовларидан «аъло» даражада ўтди.
Ишонамизки, келгусида болажонларимиз орасидан бундай иқтидорлилар кўплаб етишиб чиқади. Чунки юртимиз қадимдан буюклар юрти бўлган ва шундай бўлиб қолади.
Парвозинг юксалаверсин, Моҳинур!
Маҳбуба УМАРОВА,
25-МТМ мудираси,
Наргиза ЮНУСОВА,
Наргиза ҲОШИМОВА,
тарбиячилар.

