БИРИНЧИ КОМПЛЕКС ИШЛОВГА БАҒИШЛАНДИ
Жорий йилда туманимизда 5869 гектар майдонда пахта етиштирилади. Асосий майдонлардаги «С-8295», «Андижон-35», «Султон», «Порлоқ» каби ғўза навларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришни мақсад қилган фермерлардан бугун ўта масъулият билан ишлаш талаб этилади. Бунда, энг аввало, униб чиққан ғўза ниҳолларига дастлабки сифатли ишлов беришни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шу мақсадда 20 апрель куни «Отабой сулоласи Отабек» фермер хўжалигида ғўзага биринчи комплекс ишлов бериш бўйича туман кўргазмали семинари бўлиб ўтди. Дастлаб яхши ниятлар билан жонлиқ сўйиб, дуои фотиҳалар қилинди.
Семинарда вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Тоҳиржон Рафиқов, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Анваржон Ҳакимовлар иштирок этиб, туманимиз фермерларига культивация, ғўзани чуқур чизеллаш, озиқлантириш, касалликларга қарши курашиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар беришди.
Семинарда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов қатнашди.
Тоҳиржон ИСМАТИЛЛАЕВ,
Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси.

