МАШИНА БОЗОРИДАГИ МАШМАШАЛАР
Ҳамтовоқлар М.Ш. ва Н.А. машина бозорида танишишган. Ўзаро ҳамкорликда машина олди-сотдиси билан шуғуллана бошладилар. Бироқ савдода доим ҳам «ошиқ олчи» бўлавермаслигини инобатга олмаган шериклар биринчи зиён кўрганларидаёқ жиноятга қўл уришга қарор қилишди.
Хуллас, улар Поп туманидан фуқаро Ф.Д.нинг «Нексия»сини 4600 АҚШ долларига баҳолаб, 1500 АҚШ долларини ўрнида санаб беришди. Қолганини уч ой давомида беришга келишиб, ортга қайтишди. Бироз сарф-харажат қилиб, машинани бозорга тайёрлашди. Лекин бозорда товар кўзланган нархга кирмади. Охир-оқибат, «Нексия» нархи 27 млн. сўмга тўхтади. Шу суммадан 21 млн. сўмни ўрнида санаб олган шериклар на Ф.Д.га қолган пулларни қайтаришни, на янги эгасига ҳужжатларни расмийлаштиришни ўйлашмади. Аксинча, бу пулларни эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишди.
Аммо бундай «таралла-бедод» узоққа чўзилмади. Ушбу ҳолат бўйича тўпланган далиллар қонуний ҳал этилиши учун туман прокурорига тақдим қилинди.
Т.МУСТАФОЕВ,
вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник.

