НАФИС САНЪАТ КЎРГАЗМАСИ
Ўтган пайшанба куни 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида «Тасвирларда Ватан мадҳи» номли расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Тасвирий санъат бўлими ўқитувчиси Жамолиддин Эшонов ташаббуси билан уюштирилган ушбу кўргазмада 10 нафар ўқувчи ўз тасвирий ва амалий санъат кўргазмаси билан қатнашди.
-Жамолиддин талабалигида иқтидорли ўқувчиларимдан бири бўлган,-дейди унинг устози, тадбирга ташриф буюрган вилоят Бадиий академияси бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Комилжон Қамбаров. -Шогирдимнинг ёшлар билан ишлаш жараёни ҳақида тасаввурим йўқ эди. Мана, бугун ёш мусаввирларнинг амалий ишларини кўриб, Жамолиддиннинг фаолиятига юқори баҳо бердим. Ундан кўнглим тўлди.
Шу куни масканга келган меҳмонлар нафис санъат намуналарини кўздан кечириб, баҳра олдилар. Ўқувчилардан Фозилжон Садриддинов, Зоирбек Носиржонов, Асадбек Одилжонов маҳоратига юқори баҳо бердилар.
Тадбирнинг иккинчи ярмида маскан ўқувчилари тайёрлаган концерт дастури ҳавола қилинди. Кўргазма қатнашчиларига фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари топширилди.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

