ЭРТАКМОНАНД «ЖАЖЖИ ПРОФЕССОР»
Жийдакапада давлат-хусусий шерикчилик асосидаги НМТМ иш бошлади
Мамлакатимизда мактабгача таълим йўналишида олиб борилаётган ислоҳотларнинг юксак самараси ўзининг дастлабки натижасини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда туманимиз мактабгача таълим тизимида 43 та давлат мактабгача таълим муассасаси , 22 та оилавий, 1 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолият юритиб, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб бормоқда.
1 май куни Жийдакапа қишлоғидаги Дўстлик МФЙ ҳудудида кичкинтойлар учун кўркам, барча шарт-шароитларга эга эртакмонанд «Жажжи профессор» номли нодавлат МТМнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур муассаса тадбиркор Ойдина Абдуллаева томонидан 3 млрд. 236 миллион сўм (шундан 2 млрд. 250 миллион сўми имтиёзли кредит) маблағи эвазига давлат хусусий шерикчилиги асосида бунёд этилди.
Масканда тарбияланувчилар учун ошхона, кутубхона, ёзги чўмилиш ҳавзаси, айвончалар, спорт майдончаси ва бошқа барча шароитлар муҳайё. Инглиз ва рус тилларига чуқурлаштирилган гуруҳлар ташкил этилган. Эътиборлиси, ота-оналар фарзандларини уйларидан туриб онлайн тарзда кузатиб туришлари мумкин. Чунки бу ерда видеокузатув жиҳозлари ҳам ўрнатилган.
Муассасанинг очилиш маросими катта шодиёнага айланди. Унда вилоят МТБ бошлиғи Ҳилола Юсупова, туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақовлар сўзга чиқиб, эзгу тилаклар билдиришди. Рамзий лента қирқилиб, барча меҳмонлар муассасада яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.
Аброр САБАРАЛИЕВ.

