«ОЛМУРУТ»ЛИКЛАРДАН ЎРГАНИНГ
Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон ака Исматиллаев туман ҳокимлигида қабристонларни ободонлаштириш масаласи кўтарилган катта бир йиғилишда олмурутликларнинг ибратли ташаббуси ҳақида сўз очиб қолди: «Яқин ўртада Олмурут маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Ясситепа қабристонига йўлингиз тушдими? Маҳалла аҳлининг ҳамжиҳат ва ҳамфикрлиги, нуронийларнинг ғайрат-шижоати ва шахсий ибратини кўрмоқчи бўлсангиз, Ясситепа қабристонига боринг. Қисқа фурсатда бу ерда қилинган ишларни кўриб, тасанно айтасиз. Ота-боболаримиздан мерос, аҳилликнинг ёрқин ифодаси бўлган ҳашар анъанаси давом этаётганига ўзингиз шоҳид бўласиз».
Эртасигаёқ Ясситепа қабристонига йўл олдим. Қабристоннинг ташқи қиёфасиданоқ фикрингиз ўзгаради. 90 метр бетон девор қилинибди. Бу хайрли ишни маҳалла фаоли Мансуржон Ниязов амалга оширибди.
-Меҳнат фахрийларидан, кўп йил таълим соҳасида фаолият кўрсатган Лутфиддин Мирзаев, Мансуржон Маҳмудов, Толибжон Обилов, Исроил Қодиров, Олмурут маҳалла фуқаролар йиғини раиси Комилжон Сиддиқовларнинг жонбозлиги ва саъй-ҳаракати туфайли қабристонда кенг кўламли ишлар қилинмоқда, -дейди фаоллардан Жалолиддин Мирҳакимов. -10х15 ҳажмда шийпонча қуришни анчадан бери ўйлаб юрган эдик. Март ойида қурилиш ишларини бошлаб юбордик. Бу қабристон Ғайрат қишлоғидаги марказий қабристон бўлганлиги боис Олмурут, Ғайрат, Иттифоқ маҳаллаларида яшовчи фуқаролар ҳам ҳимматларини аяшмади. Салкам 50 миллион сўм маблағ эвазига шийпонча, унинг ёнида душхона, ҳожатхона барпо этилди. Қодиржон Эргашев бошчилигидаги қурувчилар сидқидилдан ишлашди. Ҳар бири 4 метрдан иборат 21 та стул ўрнатилди. Алоҳида сўри қўйилди. Зиёратчилар учун энг зарур шароитлар яратилди: ёзда салқин, қор-ёмғир тушмайди. Ҳа, айтганча, тадбиркоримиз Илҳомжон Бўстонов цементдан ёрдам қилган бўлса, «Ғайрат оби ҳаёт ичимлик суви» ННТ раҳбари Абдулвоҳид Абдуллаев тоза ичимлик суви тармоғини тортиб берди. Маҳалламиздаги шофёр йигитлар бепул хизмат кўрсатишди. Режамизда ҳали ишлар кўп: йўлакларни асфальтлаш, ёритиш тармоқлари ўрнатишни мўлжаллаганмиз.
Қабристондаги яна бир ибратли ташаббус – бир пайтлар қабрлар атрофига қўйилган темир панжаралар олиб ташланиб, ҳар бир қабрнинг атрофи тартибга келтириляпти, тўлиқ сувоқдан чиқариляпти. Йўлакларга турли хил гуллар экилган, манзарали дарахтлар ўтқазилган. Кўриб, кўнглингиз ёришади.
Афсуски, туманимиздаги ҳамма қабристонларда ҳам юқоридагидек хайрли ишлар қилиняпти, деб бўлмайди. Айримларида ҳаттоки атрофини девор билан ўраш ҳам муаммо. Маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлиги кўринмайди.
Олмурутликларнинг ибратли ташаббуси кенг қулоч ёзса, ажаб эмас.
Муҳаммад АЛИ.

