ТАДБИРКОРЛАРГА ҚАНОТ БАҒИШЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган «Ташаббус-2019» кўрик-танловининг туман босқичи уюшқоқликда ташкил этилди.

Туман тадбиркорларга кўмаклашиш маркази, фермер, деҳқон хўжаликлари томорқа ер эгалари туман кенгаши ва «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан ҳар йили ўтказилаётган ушбу кўрик-танлов кичик бизнес ва хусусий  тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандлик анъаналарини асраб-авайлаш ва янада ривожлантиришда  муҳим омил бўлмоқда.

Ҳунармандларнинг ранг-баранг стендлари «Ташаббус-2019» кўрик-танловига келганларнинг алоҳида эътиборини тортди. Ҳунармандлар томонидан яратилган ноёб буюмларни кўриб, уларнинг бадиий фантазияси ва маҳоратига қойил қоласиз. Бу ерда каштачилик, кулолчилик, заргарлик безаклари ва бошқа турли маҳсулотларни кўриш мумкин.

Шундай қилиб, «Гранд металл сервис» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Авазхон Муллабоев «Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори», «Дурдона шифо сервис» хусусий корхонаси раҳбари Юсуфжон Сиддиқов «Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори», якка тартибдаги тадбиркор Насриддин Шамсиддинов «Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори», «Тўрабаев Муҳиддин Хусанбаевич» деҳқон хўжалиги раҳбари Муҳиддин Тўрабаев «Йилнинг энг яхши фермери», «Наманган фаёз агроэкспорт» хусусий корхонаси раҳбари Шаҳноза Қаюмова «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» деб топилдилар. Уларга ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Шунингдек, кўрик-танловнинг «Энг яхши тадбиркор аёл», «Йилнинг энг яхши инновацион лойиҳаси», «Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор», «Энг яхши оилавий бизнес соҳиби», «Энг яхши экспортчи», «Энг масъулиятли ижтимоий шерик», «Йилнинг энг яхши маҳсулоти» номинациялари бўйича совриндорлар аниқланди.

Акмалжон МАМЕДОВ,

Аҳмаджон ТУРДИБОЕВ,

«Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси туман филиали мутахассислари.