ЭРТА ВА НОРАСМИЙ НИКОҲЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ

Оила қуришнинг биринчи омили ёшларнинг оила ва никоҳ тушунчасини, унинг мақсадини билишидир. Чунки ҳар бир киши оилада туғилади, камолотга эришади. Эркин демократик жамият қуриш йўлидан илдам бораётган мамлакатимизда оилани мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Оила тинч, мустаҳкам ва фаровон бўлсагина, жамиятда барқарорлик вужудга келади. Бу эса ўз навбатида маънавий ва руҳий муҳитнинг соғломлиги, ислоҳотлар муваффақияти учун замин яратади.

Очиқ айтиш керак, одамлар орасида ҳамон ўз билганидан қолмайдиган, фарзанди келажаги, соғлигига бефарқ, ён-атрофидаги аянчли воқеаларни кўра билиб туриб ҳам, хулоса чиқаришни истамаётганлари ҳали анчагина. Энг ачинарлиси, ана шундай ота-оналар қизларини эрта турмушга узатиб юборяптилар ёки қон-қариндошлар билан қуда-анда бўлишдан ўзларини тиймаяптилар.

Минг афсуски, баъзи ёш оилалар арзимаган сабаблар билан бузилиб кетмоқда. Таҳлилий хулосаларга кўра, оилавий ажримларнинг 60 фоизи ёш оилаларнинг дастлабки йилларига тўғри келяпти. Эрта турмуш қурилганлиги сабабли эрлар оилани мустақил таъминлай олмаяпти.

Яна бир жиҳат – ноқонуний никоҳлар масаласига жиддий эътибор қаратиш ғоят зарурки, бу ҳолат пировардида оталикни белгилаш, ёлғиз оналарнинг ортиши, ўз жонига қасд қилиш ва аёллар ўртасида турли кўринишдаги жиноятларнинг келиб чиқишига замин яратади. Шу ўринда туман фуқаролари ўртасида олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот ишларимиз ҳали етарли даражада натижа бермаётганини эслатиб ўтмоқчиман. Чунки ноқонуний никоҳ ўқитишлар давом этаётганлиги аниқланмоқда. Биз ана шундай хатога йўл қўяётган «чала мулла»ларни яна бир бор огоҳликка чақирамиз.

Зулайҳо АТАХАНОВА,

туман ФҲДЁ бўлими мудири.