БУЮК ОЛИМЛАРГА БАҒИШЛАНДИ

Билим масканимизда кимё-биология фанларининг йирик намояндалари Абу Али ибн Сино ҳамда Дмитрий Иванович Менделеевнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб «Буюклар изидан» мавзусида тадбир ўтказилди. Унга 5-6-7-8-синфларнинг энг фаол ва ўзлаштириши паст бўлган ўқувчилари жалб қилинди. Тадбир кимё фани ўқитувчиси Раҳимахон Тожибоева билан ҳамкорликда ташкил этилди. Кеча давомида ўқувчилар шарқ табобати асосчиси Абу Али ибн Синонинг ҳаёти, болалик чоғлари, 17 ёшида машҳур табиб бўлганлиги, илмий ишлари, «Тиб қонунлари» ва бошқа асарларининг мазмуни бугунги кунда тиббиётда улардан кенг фойдаланилаётгани ҳақида ҳамда «Кимёвий элементлар даврий жадвали» асосчиси Дмитрий Иванович Менделеевнинг ҳаёти ва фаолияти, илмий ишлари, даврий жадвалнинг яратилиш тарихи, элементларнинг хоссалари, уларнинг афзалликлари тўғрисида қизиқарли маълумотларни тақдим этдилар. Бадиий дастурда саҳна кўринишлари намойиш қилинди. Тадбир сўнгида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Одилжон Маҳамадалиев ўқувчиларга иштироклари учун миннатдорчилик билдирди.

Сайёра РАВШАНОВА,

39-мактабнинг биология фани ўқитувчиси.