СПОРТ – САЛОМАТЛИК ГАРОВИ
Корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш орқали меҳнат фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, аҳоли ва ёшларнинг спортнинг жисмоний тарбия ҳамда оммавий турларига қизиқишларини кучайтириш мақсадида таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши томонидан «Спартикиада – 2019» мусобақаларини ўтказиш анъанавий тарзда давом этмоқда.
Уйчи маиший хизмат ва қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежлари спортзалларида ташкил этилган навбатдаги мусобақада Ғайрат педагогика, Уйчи спорт, иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш, Ёрқўрғон иқтисодиёт ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежларининг жамоалари беллашдилар.
Мусобақа аввалида Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежида тантанали очилиш маросими бўлди. Унда коллеж директори Абдумажид Отабоев, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Мирзамаҳмуд Тўхтабоевлар сўзга чиқиб, самимий тилаклар билдиришди.
Муросасиз баҳслар якунига кўра, волейбол бўйича ўтказилган беллашувда эркак ва аёллар ўртасида 1-ўрин Ғайрат педагогика коллежи жамоасига насиб этди. Ёрқўрғон иқтисодиёт ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежидан Мукаррам Юсупова «Энг ёши улуғ иштирокчи», Гулноза Риззаева «Энг ёш иштирокчи», Уйчи спорт коллежидан Холида Қамбарова «Ғалабага бўлган интилиши учун» номинациялари бўйича тақдирландилар.
-«Спорт – саломатлик гарови» шиори остида ўтган мазкур спартакиада иштирокчиларига 1200 минг сўмлик спорт кийими, 4500 минг сўмлик эсдалик совғалари тарқатдик, -дейди мусобақа ташкилотчиси, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши бухгалтери Наимахон Валиева. -Шунингдек, туман марказидаги «Шотут» ошхонасида бепул тушлик ташкил этилди. «Спартакиада – 2019» мусобақасининг навбатдагиси туман мактабгача таълим бўлими муассасаларидаги ходимлар ўртасида бўлиб ўтади.
Муҳаммад АЛИ.

