МАТОНАТ ТИМСОЛЛАРИ

Май ойининг унутилмас саналаридан бири 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган буюк ғалабанинг 74 йиллиги туманимизда кенг нишонланди.

Дастлаб Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгашининг «Шараф ленталари»ни тарқатиш акцияси доирасидаги тадбири зўр кўтаринкиликда ўтди. Уйчи кўчалари бўйлаб автокарвон паради уюштирилди. Фаол ёшлар иштирокида аккордион жўрлиги остида жанговарлик, мардлик, жасорат, ғалабани тараннум этувчи қўшиқлар куйланди. Яёв юриб, аҳоли гавжум жойларда «Шараф ленталари» тарқатилди. Фронт ва фронт ортида матонатлик намунасини кўрсатган фахрийлар хонадонларига йўқловлар уюштирилди.

7 май санасида уч нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси – Мадамин Абдуллаев, Аҳмаджон Мамадалиев, Исматилла Раҳматуллаев хонадонларига ҳарбий оркестр садолари остида вилоят ҳокими, Олий Мажлис сенати аъзоси Хайрулло Бозоров, туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, жамоатчилик вакилларининг ташрифи уюштирилди. Меҳмонлар ҳар бир хонадонга ташрифлари чоғида алвон байроқчалар, гуллар билан безанган, йўлнинг икки четида саф тортган ўқувчи-ёшлар орасидан ўтиб борар эканлар, буюк ўтмишимиз, аждодлар кўрсатган мардлик ва жасорат намуналарига бўлган ёш авлоднинг юксак эҳтироми, эъзози намуналарини кузатиб боришди. Туман маданият бўлими, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби, ҳудудлардаги коллеж, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ҳамкорлигида намойиш этилган кўнгилочар дастурлар йиғилганларга чинакам байрамона кайфият улашди.

Йўқлов жараёнида фахрийларимизга Президент табриги ўқиб эшиттирилди. Уларнинг ҳар бирига 7 миллион 500 минг сўмлик пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирларда Республика «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов, туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги туман Давлат хизматлари маркази ходимлари ҳам иштирок этдилар.

******

Туманимиздан Иккинчи жаҳон урушига 7430 нафар киши кетган бўлиб, улардан 3989 нафари фронтда ҳалок бўлган, 740 киши бедарак кетган, 2701 нафари эса оилаларига қайтиб келган бўлса, бугунги эркин ва фаровон замонда уларнинг 3 нафари кексалик гаштини сурмоқда.

Маълумки, кексаларни эъзозлаш, уларга иззат-икром кўрсатиш халқимизнинг асрлар оша қийматини йўқотмай келаётган фазилатларидан биридир. Мана шу миллий қадрият бугун давлатимиз сиёсатида ўзининг яққол ифодасини топмоқда.

Муҳтарам Юртбошимизнинг 2019 йил 23 апрелда «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармонлари ҳамда «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ижросини таъминлашга туманимизда ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари – Исматилла ота Раҳматуллаев, Мадамин ота Абдуллаев, Аҳмаджон ота Мамадалиевлар бугун ҳам умргузаронлик қилиб, байрамни биз билан бирга нишонлашаётгани, албатта, ҳар биримизни қувонтиради. Байрам арафасида уларнинг хонадонига уюштирилган ташриф барчада унутилмас таассуротлар қолдирди. Уларга Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши, туман ўқув спорт техника клуби жамоасининг байрам табриклари ва совғалари топширилди.

Туман марказидаги «Мустақиллик боғи»да бўлиб ўтган тантаналар ҳам унда қатнашганлар ёдида узоқ вақт сақланиб қолса ажаб эмас. Дастлаб Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳозир бўлдилар.

Иккинчи жаҳон уруши даврида ижро этилган қўшиқлар янгради. Ғалаба, жўшқинликка ундовчи куйлар ширин хотираларни ёдга солди.

«Боғи эрам» мажмуасида икки юзга яқин нуроний ва фронт орти меҳнат фахрийси, байналминалчи жангчилар бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қурдилар. Тантанада туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, таниқли актёр ва режиссёр Исамат Эргашевлар сўзга чиқиб, барчани айём билан табриклашди, қарияларни қадрлаш, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини эъзозлаш ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини таъкидлашди.

Шодиёнада Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев эъзоз ва эътибор, эҳтиром учун самимий миннатдорчилик билдирди.

Тадбир давомида барча иштирокчиларга байрам совғалари топширилди.

Исмоил МАВЛОНОВ,

туман ЎСТК бошлиғи.