ДУШМАННИ ТИЗ ЧЎКТИРИБ…

Уруш аталмиш бало инсоният бошига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган не-не балоларни солмади, дейсиз. Кўҳна қитъанинг қоқ марказида куртак ёзган фашизм аста-секин тўхтатиб бўлмас ажал машинасига айландики, йўлида учраган ҳар қандай тўсиқни янчиб, кулини кўкка совураверди. Аввалига бунга беэътибор қараган ўнлаб давлатлар кейинчалик таҳликага тушиб, ўзларини омон сақлаш илинжида немис империясига хайрихоҳлик билдириш, ҳатто уларга очиқчасига  «вассал» вазифасини бажаришдек пасткашликлардан ҳам тап тортмадилар.

Фашизмни тўхтатиш, уни таг-томири билан ер юзидан супуриб ташлашга киришган юрт ўғлонлари сафида бизнинг ота-боболаримиз борлиги халқимиз учун сўнмас фахру ифтихордир.

1941 йилнинг айни жазирама ёзида эл бошига тушган мусибатдан кўпчилик мард ўғлонлар қатори ҳамюртимиз Уйчи қишлоғида туғилиб ўсган Мадамин Абдуллаев ҳам ўзини четга олмади. Биринчилардан бўлиб фронтга отланди. Оддий деҳқон оиласида улғайган Мадамин ҳарбий ҳаётга тез мослашди. Пиёда аскарлар полкига унинг абжирлиги, довюраклиги, шижоати етаклаб келди. Мадамин ака ўқ ёмғирлари остида ҳужумга кўтарилган, қиш-қировли кунларда кечувлардан ўтган, тутун ва кул тўлган окопларда ҳафталаб қолиб кетган дамларни санаб, адоғига етиб бўлмайди. Эгнида шинель, оёғида этик, қўлида қурол билан ярим Европани пиёда кезиб чиққан. Бу бепоён ерларнинг ҳар қаричини душман чангалидан озод қилиш машаққатини эса оддий сўз билан таърифлашнинг ўзи мушкул. Поляк, чех, словак, румин, венгер каби бир қанча озод бўлган халқларнинг чексиз миннатдорчилигини, уларнинг ҳурмат-эҳтиромини қозонган аскарларимиз сафида Мадамин Абдуллаевни ҳам кўриш бутун ўзбек халқига катта ғурур ва ифтихордир.

Бугун Мадамин ота ўтган асрнинг ўша мудҳиш дамларига тирик гувоҳ. Тўғри, у кексайиб, белидан қувват кетди, кўзларидан нур қочди, хотираси хиралашди. Бироқ жанггоҳларда ажал билан юзма-юз келган ўша йилларни аниқ-равшан хотирлайди. Неча-неча сафдошларини, ҳамюртларини бой берди, ўз қўллари билан бегона юрт тупроғига  қўйиб қайтди. Қанча-қанча навқирон аскарларнинг қалб орзулари армонлигича қолиб кетганига гувоҳ бўлди. Мана шу изтироблар унинг хотирасида тез-тез гавдаланади, гоҳо ўша қадрдонлари билан бир сафда жангга отланаётгани тушларига киради…

Мадамин ака ҳарбий хизматдан уруш тугагач, бир йилдан сўнг кўкси тўла орден-медаллар билан қайтди. Оила қурди. Хонадонида бирин-кетин ўн икки фарзанд дунёга келди. Бу тақдирнинг Мадамин ака кўрган-кечирган изтироблари-ю машаққатлари эвазига берган туҳфаси бўлса, не ажаб. Отахон бор умрини фарзандлар тарбияси, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга сафарбар этди. Бугун у киши нафақат фарзандлар, невара-чеваралар, балки бутун Гулбоғ маҳалласи аҳлининг ардоғида. У кишини кўргани, дуосини олгани келувчиларнинг сафи узилмайди.

-Меҳмонларни кутиб-кузатишдан асло чарчамаймиз, -дейди отахоннинг ўғиллари Содиқжон ака. -Ҳамюртларимизнинг падари бузрукворимизга кўрсатаётган эҳтироми, давлатимизнинг юксак эътиборидан қалбим фахру ифтихорга тўлади.

Дарҳақиқат, тинчлик аталмиш бебаҳо неъматдан баҳраманд бўлаётган авлодлар қалбида Мадамин ота Абдуллаевдек фахрийларимиз доимо ҳурмат ва эҳтиромда. Уларнинг жасорати эса қалбларда мангу яшайди, тилларда достон каби янграйди.

Абдулҳаким НИШОНОВ.