ИРОДАЛИ ИНСОН
Таҳририятдан менга туманимизнинг Иттифоқ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Исматилла ота Раҳматуллаев билан учрашиб, ҳаёт йўлини ёритиш топширилди. Йўлда кетар эканман, отахоннинг ҳолатлари яхшимикан, уринтириб қўймасмиканман, деган ўй хаёлимдан ўтди. Уйларига етиб борсам, дарвоза тепасида байроқчалар, гуллар осилган (ҳойнаҳой бу мактаб ўқувчиларининг иши бўлса керак). Ҳовлидан отахонга бириктирилган шифокор ва ҳамшира чиқиб келишди. Отахоннинг аҳволларини сўрадим. «Ҳаммаси жойида», -дейишди.
Ҳақиқатан ҳам, Исматилла ота ичкаридан бардам юриб чиқдилар, танишдик, суҳбат қурдик.
Отахон 1924 йилда Ғайрат қишлоғида деҳқон оиласида туғилиб, қишлоқда очилган янги мактабда 4-синфгача ўқиганлар ва турмуш оғирлиги сабабли Наримонов номли жамоа хўжалигида меҳнат қилганлар.
Уруш бошланган йилиёқ 17 ёшларида кўнгиллилар қаторида фронтга отландилар. Қисқа тайёргарликдан сўнг миномётчилар полкида хизмат қилдилар. Дастлаб Москва шаҳри учун бўлган жангларда 50-60 даража аёзга бардош бериб, душманни шаҳардан суриб чиқаришда олдинги сафларда бўлдилар.
Отахон эслайдилар: «Совуқ шундай кучли эдики, озгина ҳаракатсиз қолган одам музлаб қоларди. Оёғимизни бир-бирига ёки ерга уриб, доим қимирлаб турардик. Ўша қаҳратон асоратлари ҳозир ҳам безовта қилади».
Исматилла отанинг жанговар йўллари Украина, Польша, Венгрия, Чехословакия, Германия давлатларининг 17 та шаҳридан ўтганлиги, уруш давомида етти жойларидан яралансаларда, тузалиб, сафга қайтганлари бу миллатдошимизнинг ўта иродалилиги, юртга муҳаббати, душманга нафрати нечоғли эканлигидан далолат беради. Охирги марта бош ва қўлдан оғир яралангач, Озарбайжонда тўққиз ой даволандилар. Шу даврда уруш тугаб, уйга қайтдилар ва жамоа хўжалигида ҳисобчилик қилдилар. Ишчи кучи, айниқса, эркаклар етишмаслиги учун кундузи ҳисобчилик қилиб, кечаси трактор ҳайдаганлари ҳам бугунги кунда ҳайратланарлидир.
Отахон бугун уч қиз, бир ўғил, 27 нафар невара, 52 нафар чевара, 2 нафар эвара ардоғида пиру бадавлат бўлиб яшамоқдалар. Отахонни суратга олиш учун костюмларини кийдирганимизда I-II даражали Ватан уруши орденлари, ғалабанинг 25-, 30-, 40-, 50-, 60-, 70-йиллиги юбилей медаллари, мустақил Ўзбекис-тонимизнинг «Жасорат» медали ва бошқа кўплаб мукофотларга кўзимиз тушди.
Бу мукофотлар ўз-ўзидан берилмаганлиги, унинг замирида бир ватанпарвар, элпарвар, иродали, жасур ўзбегимнинг жанговар ҳаёт йўли ётганлигини ғурур билан ҳис этдик.
Ўринбой МЎМИНОВ.

