АЁЛ ТАДБИРКОР, ҲУНАРМАНД БЎЛСА…

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самара бермоқда. Буни туман хотин-қизлар қўмитасининг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ҳозирги кунда туманда кичик бизнес субъектларида мингдан ортиқ хотин-қиз самарали иш олиб бормоқда. Оилавий бизнесни ташкил этиш, тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқий, тадбиркорлик борасидаги билим ва малакасини ошириш мақсадида давра суҳбати ва семинарлар ўтказилмоқда. Бизнесни ташкил этиш, ҳужжат юритиш, солиқ имтиёзлари, кредит олиш ва бошқа масалаларда мутахассислар кўмагида зарур тавсия, маслаҳатлар берилмоқда.

Яқинда Умид МФЙнинг «Келажак» кўчасида Президентимизнинг 5 та ташаббусининг охиргиси – хотин-қизларни иш билан таъминлаш ишларини тизимли ташкил этишга бағишланган семинар бўлди. «Аёл тадбиркор, ҳунарманд бўлса, оила обод бўлади» мавзусидаги кўргазмали семинар ҳамда «Меҳнат ярмаркаси»да хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни иш билан таъминлашга эътибор қаратилди.

Тадбирда тумандаги 56 та маҳалладан 200 га яқин тадбиркор аёл ўз маҳсулоти билан иштирок этди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ирода Қўчқорова, туман ҳокимининг ўринбосари Раънохон Назаровалар хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, уй-рўзғор юмушларини енгиллаштириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлашди. Тадбир доирасида «Фирдавс» номли оилавий нодавлат МТМ ҳамда «Janona textile» тикувчилик корхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

-Тадбиркорлик билан шуғулланган киши ҳеч қачон кам бўлмайди, Халқ банки томонидан имтиёзли 30 миллион сўм кредит маблағи олиб, корхонамизни ишга туширдик, -дейди «Janona textile» тикувчилик корхонаси раҳбари Дилдора Долимова. -Бугунги кунда корхонамизда сифатли юмшоқ кўрпа-тўшак, ёстиқ жилдлари, сочиқ, дастурхонларни ишлаб чиқаряпмиз. Келажакда маҳсулотларимизни  экспорт қилиш ниятидамиз.

-Ҳудудимиз аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида 25 ўринли ушбу муассасани очдик, -дейди «Фирдавс» номли нодавлат МТМ таъсисчиси Дилобар Режаббоева. -Бу орқали тўртта ишчи ўрин яратишга эришдик.

-Жазони ўташ муассасасидан қайтганимдан сўнг, қийналган, ишсиз эдим, -дейди Сайёра Абилова. -Туман хотин-қизлар қўмитаси кўмагида имтиёзли кредит олиб, ширинликлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Бугунги кунда 15 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаряпман. Олти нафар аёл доимий иш билан таъминланди.

Семинарда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов иштирок этди.

Умиджон СУЛТОНОВ.