ИҚТИДОРЛИЛАР АНИҚЛАНДИ
Билим масканимизда эстетика фанлари ойлиги доирасида 8-9-синфлар ўқувчилари ўртасида «Ошга марҳамат!», 6-синфлар қизлари ўртасида дўппи тикиш танловлари ўтказилди. 5-синф ўқувчиларининг каштачилик кўргазмаси, 5-11-синфлар ўқувчилари ўртасидаги асфальтга расм чизиш, «Истеъдодларни излаймиз» мавзусидаги рақс ва қўшиқ ижро этиш танловлари барчага манзур бўлди. Шунингдек, «Моҳир қўллар», «Ёш дурадгорлар», «Ёш рассомлар» тўгараклари аъзолари томонидан тайёрланган кўргазмалар ҳам ҳамманинг эътиборини тортди. 4-синфлар ўртасидаги «Жажжи билимдонлар» беллашуви қизиқарли баҳсларга бой бўлди. Юқори синфлар қизлари ширинликлар ярмаркасини ташкил қилишди.
Тадбир ниҳоясида мактабимиз директори Сайёра Ғойипова фаол қатнашган ўқувчиларни фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирлади.
Назира ҲОЖИМИРЗАЕВА,
20-мактабнинг эстетика фанлари услубий бирлашмаси раҳбари.

