ДЕВОНА БУВАГА ЭҲТИРОМ

Аввало, Истиқлол шарофати ила, қолаверса, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 19 декабрдаги «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муносабати билан юртимизда мустабид тузум даврида харобазор бўлган, халқимиз дилининг  тубида сақланган табаррук масканлар қайта қад ростламоқда.

Туманимизда ҳам шундай объектлар анчагина бўлиб, улардан эл назарида бўлганлари ободонлаштирилмоқда. Бу жиҳатдан Даҳиякота, Девона бува, Яккатут зиёратгоҳлари, Бўёғон азиз, Ғайрат қабристонларидаги ишлардан кўнгиллар тўлади.

Қуйида кўплаб газетхонларимиз талаб-истакларига биноан Ёркатай қишлоғи Гумбаз маҳалласидаги архитектура ёдгорлиги – Девона бува мақбараси ҳақида фикр юритамиз. Бу ҳақда наманганлик адиб Абдулла Жабборнинг «Наманган вилояти» номли китобида шундай дейилади: «Девонабува гумбази – Уйчининг Ёркатайидаги меъморчилик обидаси. ХIX аср ўрталарида қурилган. Ҳашаматдор гумбазли бинога дарвоза орқали кирилади. Икки четида мўъжаз минорали бу бинонинг сирти тўрт бурчакли тахмончали қилиб ишланган. Девонабува гумбази қадимги куйдирилган япалоқ ғиштдан тикланган». Гумбаз маҳалла ўртасида жойлашгани сабаб маҳалла ҳам «Гумбаз» номи билан аталади. Девона сўзининг келиб чиқиши ҳақида халқ орасида турли гап-сўзлар юради. Айтишларича, тошкентлик Салимбой билан наманганлик уламо Хўжа Аминбой борди-келди қилиб юришган.  Кунларнинг бирида Салимбой бўйга етиб қолган ўғли Абдураҳимнинг шогирд тушиб, таҳсил олиши учун Хўжа Аминга жўнатади. Абдураҳим йўлда бир девонани учратиб, у билан кийим-бошини алмаштириб, Хўжа Амин уйига девона сифатида  келади. Хизматкорлар уни хўжайинларига «Девона келди»,-деб айтишади ва Абдураҳимга нисбатан «девона» сўзи қўллана бошлаган.

Абдураҳим бир неча йил Хўжа Аминдан таълим-тарбия олиб, даврининг билимли, пешқадам кишиси бўлиб етишади. Устоздан алоҳида яшаш учун фотиҳа олгач, тошкентлик Расулжон уста бошчилигида қишлоқ марказида қурилиш бошлайди. Абдураҳим (Девона бува) халқпарвар, саховатли, эл корига камарбаста инсон эди. Маросимларда халққа ҳалим, сумалак ва бошқа таомлар тарқатиб, бева-бечораларни қўллаб турарди. Қишлоқ аҳлининг сувдан қийналаётганини кўриб, Чортоқнинг Кушан қишлоғидан ариқ қаздириб, қишлоқни сувга сероб қилган эди. Ана шундай хайрли ишлари, илму одоби, инсонпарварлиги сабабли Девона бува халқ қалбида сақланиб қолди.

Ҳозирги кунда Девона бува мақбараси, унинг ва оила аъзоларининг қабрлари Боқилло Қосимов раҳбарлигидаги «Уйчи пардоз» хусусий корхонаси томонидан қайта тикланмоқда. Бу ерда корхонанинг 25 нафар ишчиcи ҳозиргача 450 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарди. Сарфланган маблағнинг 209 млн. сўми Президентимиз қарорига асосан ҳукумат томонидан ажратилди, қолгани хусусий корхона ҳисобидан сарфланди. Бу жойда ҳали қилинажак талай ишлар бор. Корхона раҳбарининг айтишича, яна 350 млн. сўм маблағ керак бўлади.

Қишлоқ аҳлини хурсанд қилаётган нарса бу ердаги ишларнинг бориши билан вилоят ҳокими Х.Бозоров, туманимиз ҳокими М.Апақовлар танишиб, зарур кўрсатмалар беришмоқда. Ҳудудни  ободонлаштириш ишлари «Девона бобо» жоме масжиди, Гумбаз МФЙ ходимлари ҳамкорлигида, аҳоли ёрдамида амалга ошириб келинмоқда.

Яқин кунларда Девона бува мақбараси юртдошларимизнинг гавжум зиёратгоҳида айланади, деб ишонамиз.

Ўринбой МЎМИНОВ.