ИҚТИДОР ЭГАЛАРИ КАШФ ЭТИЛМОҚДА

Беш ташаббус ижроси бўйича 14-мактаб фаолиятидан

Билим масканимизда 590 нафар ўқувчи билим олади. Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида ўз режаларимизни белгилаб олганмиз. Аввало, қирқдан ортиқ фан ва ижодий тўгараклар фаолиятини мунтазам йўлга қўйиш, унга ўқувчиларнинг қизиқишига қараб тўлиқ жалб этишга эътибор қаратдик. «Моҳир қўллар», «Ёш дастурчи», «Ёш китобхонлар», «Ёш рассомлар» ҳамда бир қатор спорт тўгаракларида ўқувчиларнинг иштироки кўпайди. Тикувчилик, тўқувчилик, мунчоқли безак ясаш, кулолчилик тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди. Соат 16.00 дан 22.00 гача фаолият олиб бораётган «Ёш дастурчи» тўгарагида 5-10-синфлар ўқувчилари ҳар куни жадвал асосида бўш вақтларини мазмунли ўтказишмоқда. Информатика фани ўқитувчилари Адҳамжон Турғунов, Музаффар Иброҳимовлар машғулот давомида ўқувчиларнинг компьютер бўйича саводхонлигини ошириб боришмоқда.

Фароғат ЭГАМБЕРДИЕВА,

маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.

******

Беш ташаббус ижросини таъминлаш бўйича мактабимизда кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда туманимиздаги барча мактаблардан директорлар, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлар қатнашдилар. Билим масканимизда олиб борилаётган ибратли ишлар семинар иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. Семинарда  «Мураббий» газетаси муҳаррири Дилбар Ҳайдарова, вилоят Кенгаши депутати Маъмура Турғуновалар сўзга чиқиб, кутубхонамизга янги китоблар совға қилишди. Шу куни ота-оналар ва ҳомийлар кўмагида  жорий таъмирдан чиққан мактаб ошхонаси фойдаланишга топширилди.

Дилфуза ЮНУСОВА,

она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

******

Тўртинчи ташаббус – аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юсалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўлиб, кейинги вақтда билим масканимизда китобхон ўқувчиларнинг сафи ортиб бораётгани бизни қувонтиради. Жумладан, март ойида кутубхонамизга қатнов сони 596 та бўлса, апрелда бу кўрсаткич 786 тага тўғри келди.

Кутубхонамизда барча шароитлар яратилган. Салкам икки минг фондга эга  кутубхонамизга «Мактабимга китоб совға қиламан» акциясида 200 та янги китоб совға қилинган бўлса, Бутунжаҳон китоблар кунида яна 150 та лотин ёзувидаги адабиётлар ўқувчилар томонидан келтирилди. Мактабимиз директори Ақидахон Қосимова 300 минг, меҳнат фахрийси, устоз Лилбобахон Абдуллаева 250 минг, собиқ ўқувчи Санжарбек Турғунов 200 минг сўмлик китоблар туҳфа қилиб, ташаббус кенг қулоч ёйишига муносиб ҳисса қўшдилар.

Зуннура САМАТОВА,

кутубхона мудираси.

******

Ўқувчиларнинг технология фанидан олаётган билимлари амалиётда ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Қўл меҳнатидан намуналар кўргазмасида 5-7-синфлар қизлари фаол қатнашдилар. Миллий ҳунармандчилик турларидан матода кашта тикиш танловида 7-синф ўқувчиларидан Сарвиноз Келдибоева, Моҳинур Исоқжоновалар ғолибликка эришишди. Мунчоқдан гул ясашда 9-синф ўқувчиси Мафтуна Тошпўлатова тенгдошларига намуна бўлди. Лой билан ишлашда 4, 9-синфлар ўқувчилари Акмалжон Абдуфаттоев, Асадбек Умаровлар маҳоратларини кўрсатишди.

«Ёш ҳунармандлар», «Ёш дурадгорлар» танловларининг туман, вилоят босқичларида Асадбек Умаров, Мафтуна Тошпўлатова, Фаррух Аҳмаджонов, Низомиддин Тошпўлатовлар фахрли ўринларни эгаллашди. Тадбиркор Дилшодбек Халилов, Тоҳиржон Тўлашовлар раҳбарлигидаги темирчилик, тунукасозлик устахоналарида ҳамда  ҳунарманд Ғайратжон Жўраев хонадонида тандир ясаш бўйича амалий машғулотлар ўтказиб бориляпти. Бу ўқувчиларда касб ва ҳунарга бўлган қизиқишнинг ошишида катта аҳамият касб этмоқда. Фидойи устоз Адҳамжон Болтаев тўгараклар фаолиятини намунали йўлга қўйишда изланмоқда.

Муқаддас МАҲКАМОВА,

технология фани ўқитувчиси.