УСТОЗЛИК БАХТИ

Ҳаёт ҳар қандай инсонни ўз «меваси» билан сийлайди. Кимгадир касб камолотини, кимгадир оилавий бахтни, яна кимгадир фарзандлар равнақини ҳадя этади. Баъзан тақдир ўзи саралаган кишиларгагина буларнинг барини тақдим қилади. Ана шундай толеи кулган инсонлардан бири фахрий устоз Эркин ака Аҳмедовдир.

Бундан роппа-роса 20 йил аввал туман ХТБда республика миқёсидаги семинар ташкил қилинганди. Барча туман мутасаддилари мартабали меҳмонни кутиб олиш тараддудида. Бир пайт «Ана, келишди», -дея ҳамма ташқарига отланиб, икки тарафга саф тортди. Катта дарвозадан ёши улуғ, савлати, салобати билан сервиқор қадам ташлаб икки киши кириб келди. Уларнинг бири Халқ таълими вазири Жўра Йўлдошев, иккинчиси ўзимизнинг Эркин Аҳмедов эди. Шу дамда Эркин акани танимаган-билмаганлар буларнинг қай бири вазир деган иккиланишга борганлар ўша дамда.

Дарҳақиқат, Эркин Аҳмедовнинг обрў-эътибори, ҳурмат-эҳтироми бутун мамлакат бўйлаб ёйилганди. Қаҳрамонимиз бундай мавқега ўз меҳнати, салоҳияти, куч-ғайрати билан эришган. Унинг болалиги уруш ва ундан кейинги оғир дамларга тўғри келган. Отаси Аҳмаджон Дадахонов давр сиёсати қурбонига айланганлар қатори қамоққа олинади. Уч ёшли укаси оламдан ўтгач, оилада она-бола бир-бирларига суянчиқ бўлиб, кун кўрганлар. Эрта кунда елкасига кетмон илинганига қарамай, ёш Эркинжон ўқишга бўлган интилишини сусайтирмади. Унинг тиришқоқлиги, ўткир зеҳни Наманган ДПИ имтиҳонларини муваффақиятли топширишга замин яратди.

Институтни тамомлагач, тумандаги 3-мактабда етакчиликдан иш бошлаган Эркин ака шу мактаб илмий бўлим мудири, директори, кейинчалик туман халқ таълими бўлими мудири, вилоят халқ таълими бошқармаси мудири лавозимларида самарали меҳнат қилди. Бунда устози Абдураҳим Мирзакаримовнинг панд-насиҳатлари, ўгитлари асқотди.

Умуман, Эркин Аҳмедов учун у билмаган соҳанинг ўзи йўқ эди. У туман ижроия қўмитаси раиси, Тельман номли жамоа хўжалиги бошқаруви раиси лавозимларида ҳам соҳада улкан чўққиларни забт этишга муваффақ бўлди.

Эркин ака нафақага чиққан кезлари ҳам уни қўйворишни хоҳлашмади. Шу боис бир неча йил «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси бўлиб ишлади. Амалий кўмаги, оталарча ўгитлари билан тумандаги ёш раҳбарларга тўғри йўл кўрсатди.

-Эллик беш йилдан ортиқ меҳнат қилибман, -дейди устоз ўтган йилларини хотирлар экан. -Шукрки, туман, вилоят миқёсида юзлаб шогирдларим бор. Уларнинг ютуқларидан севинаман, натижаларидан баҳри дилим яйрайди.

Дарвоқе, қаҳрамонимиз эсга олган шогирдлар қаторида уларнинг фарзандлари ҳам ота изидан боришган. Турмуш ўртоғи Дилбархон ая Ибрагимова билан биргаликда тарбиялаган беш фарзанднинг барчаси олий маълумотли. Улардан тўрт нафари – Зулхумор, Шавкатжон, Шуҳратжон, Эътибор ота изидан бориб, педагоглик касбини танлашган, кенжа ўғил Давлатали инженер. Ўғил-қизлар бари уйли-жойли, ўз соҳасининг етук мутахассисларидан. Бугун табаррук 80 ёшга кирган Эркинбой ота уларни дуо қилишдан чарчамайди. Шу кунларда фарзандлар, бир этак невара-чеваралар ардоғида бўлган устозни қутлуғ ёши билан муборакбод этаётган шогирдларнинг қадами хонадондан узилмайди. Биз ҳам улар қаторида устоз Эркин ота Аҳмедовга узоқ йиллар фаровон ҳаёт гаштини суриб, соғ-омон юришларини тилаймиз.

Абдулҳаким НИШОНОВ.