ЗАРГАРЛИК САНЪАТИ

Заргарлик санъати ўзбек миллий, бадиий маданияти тарихининг ажралмас қисми бўлиб, у халқнинг олис ўтмишидаги мақсадларини ўрганишда ёрдам беради. У бадиий ҳунармандчилик соҳаларидан бири бўлиб, мис, олтин, кумуш, қалай каби рангли металлардан қимматбаҳо ва ноёб зебу зийнатлар, тақинчоқлар, безак буюмларини моҳирона тобига етказиб ясаш санъатидир, десак, тўғри таъриф берган бўламиз ушбу касбга. «Ер юзида битта аёл қолса ҳам заргарга иш бор», -деган нақл бежизга айтилмаган.

Заргарлик санъатида безак буюмлари тайёрлашда металлни эритиб қуйиш, зарб билан  ясаш, ҳаллаш (олтин ва кумуш суви юритиш) бўртма ёки ўйилган ҳолда нақш тасвирлаш, босма қолипли каби усуллардан кенг фойдаланилади. Қимматбаҳо гавҳар, феруза, ёқут, дур каби тошларга ишлов берилиб, уларни янада бежирим ва кўркам қилиб, ишлов берилган кўзлар қадалади.

Заргарликда қадимдан «соф металл» деб номланган кумуш заҳар ва ёмон нарсалардан сақлайди, деб билинган. Одамлар марвариддан ясалган тақинчоқлардан кенг фойдаланишга ҳаракат қилишган, боиси, марварид кўплаб касалликларга шифо, дея қаралган.

Ватанимиз мустақилликка эришгандан сўнг ҳунармандчиликнинг барча соҳалари қатори заргарликка ҳам янада кенг йўл очилиб, заргарлик санъат даражасига кўтарилди, турли қийматликдаги металлардан фойдаланишга имкон яралди. Айни кунда уста заргарлар 2 хил: маҳаллий унутилиб борилаётган анъаналарни қайта тиклаш ҳамда замонавий услублар йўналишларида самарали меҳнат қилмоқдалар.

Ўзбекистоннинг заргарлик саноатида ишлатиладиган рангли металлар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар мамлакатимиз саноат корхоналарида ишлаб чиқарилади ҳамда конлардан қазиб олинади. Айни пайтда дунёнинг заргарлик саноати ривожланган мамлакатлари қаторига АҚШ, Италия, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия, Украина, Ҳиндистон, Хитой каби давлатларни киритиш мумкин. Мустақиллик йилларидан бошлаб Ўзбекистонда ҳам заргарлик кенг ривожланаётган соҳалардан бирига айланди.

Мўътабар РИЗЗАЕВА,

Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи илмий ходими.