ВАКИЛЛАР УЮШҚОҚЛИГИДА

Пастгузар маҳалласида 3286 нафар аҳоли истиқомат қилади. Хонадонлар 640 дан зиёд. Аҳолининг 47 фоизи ёшлар. Маҳаллада тадбиркорлик, касаначилик, мебелсозлик, иссиқхона, чорвачилик тармоқлари билан шуғулланиш кенг йўлга қўйилган. Шу юрт равнақига ўз келажагини боғлаган, амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини туйган, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида фаол қатнашиб, фуқаролик бурчини сидқидилдан адо этаётган инсонлар маҳаллада кўпчиликни ташкил қилади. Шу боис ҳам маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлови кўтаринки руҳда ўтди.

«Шаршара» дам олиш маскани маҳалла вакиллари номидан овоз берувчи сайловчилар билан тўлди. Сайловни ишчи  гуруҳи аъзоси Шоирахон Абдуллаева очди. Тартибга кўра, йиғилиш котиби, раёсат, саноқ комиссияси аъзолари сайлаб олинди. 2 нафар номзоднинг таржимаи ҳоли таништирилди. Сўнгра ҳар икки номзод ўзининг дастури хусусида кенг тўхталди.

Овоз бериш яширин тарзда амалга оширилди. Натижага кўра, энг кўп овоз тўплаган Нодирбек Шарипов маҳалла фуқаролар йиғини раислигига қайта сайланди.

-Маҳалла идорасининг аввалги биноси талабга жавоб бермасди. Нодирбекнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳомийлар ва маҳалла аҳли биргаликда идора ва гузарни пойдеворидан бошлаб, янгитдан қуришга киришилди. Эндиликда раис, котиб, профилактика инспектори, хотин-қизлар бўйича мутахассис, жамоатчилик назорати хонасидан тортиб, маҳалла кутубхонасигача гузардан жой оладиган бўлди. Бу Нодирбекнинг изланувчан ва тадбиркор, инсонларни ортидан эргаштира олиш қобилиятига эга эканлигидан, -дея ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди кўп йиллар педагогика соҳасида ишлаган меҳнат фахрийси Ҳамидулло ота Мирзаев биз билан суҳбатда.

Пастгузар маҳалласидаги сайлов жараёни аҳолининг ҳамжиҳатлиги ва фаоллиги билан кўтаринки руҳда ўтганлигини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши бош мутахассиси Одилжон Камолов, туман кенгаши мутахассиси Отабек Муродовлар ҳам эътироф этишди.

Фотимахон ТОШМАТОВА.

Шунингдек, бир қатор МФЙларда ҳам сайлов уюшқоқликда ташкил этилди. Олмурут МФЙга Комилжон Сиддиқов, Иттифоқ МФЙга Раҳимахон Омонова, Соку МФЙга Ибодилла Атабоев, Янгиер МФЙга Баҳромжон Юсупов, Боғ кўча МФЙга Шуҳ-ратжон Деҳқонбоев, Тепасарой МФЙга Усмонжон Отабоев, Муборак МФЙга Тоҳиржон Холмирзаев, Навоий МФЙга Тоҳиржон Ғаниев, Беруний МФЙга Маъмуржон Нажмиддинов, Қашқар МФЙга Абдуғаффор Ортиқов, Кесканёр МФЙга Комилжон Муродов, Деҳқонобод МФЙга Абдулло Шерматовлар раис этиб сайландилар.