ДОЛИМЖОН РАЗЗОҚОВНИ ЁД ЭТИБ…

Долимжон Раззоқов. Бу ном нафақат Ровот шаҳарчасида яшовчилар, балки туманда, вилоятда ҳам кўпчиликка яхши таниш. Устоз ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида ёшлар қалбида қолган бўлса, 5, 8-мактаблар, Жийдакапа мактаб-интернати директори, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи, вилоят ўқитувчилар малакасини ошириш институти директори, туман  халқ таълими бўлими мудири сифатида фидойи ва ташаббускор, ташкилотчи раҳбар эканлиги билан ҳурмат-эътибор қозонган. Маданиятли раҳбар, оилапарвар инсон сифатида унинг ёрқин хотираси қалбларда абадий сақланиб қолади.

«Халқ маорифи аълочиси», «Ҳурмат белгиси» ордени соҳиби Долимжон Раззоқов хотирасига бағишлаб Уйчи спорт коллежида эркин кураш бўйича республика турнири ташкил этилди. Унда сўзга чиққан туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни жисмонан чиниқтиришда бу каби мусобақаларнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.

20-21 май кунлари давом этган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган 2006-2010 йилларда туғилган тўрт юздан ортиқ спортчи ўзаро куч синашди. Мусобақа якунида ғолиблар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши, Уйчи спорт коллежининг диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Мусобақани ташкил этишда Долимжон Раззоқовнинг набираси, айни вақтда Уйчи спорт коллежи ва 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида эркин кураш бўйича мураббий Ҳумоюн Раззоқов жонбозлик кўрсатди.

Муҳаммад АЛИ.

Суратларда: турнирнинг очилиш маросимидан лавҳалар.