ПЕНСИЯГА ЧИҚИШДА ИШ СТАЖИ КЕРАКМИ?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралда «Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек, уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур қарорнинг 1-иловасига асосан Низом белгиланган. Унга кўра, ягона ижтимоий тўловни тўлаш тартиби ихтиёрий равишда ёки мажбурий равишда амалга оширилади.

Тўланадиган ягона ижтимоий тўлов миқдори ва муддатлари қуйидагича тартибда:

-чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс йилига энг кам иш ҳақининг камида 4,5 баравари миқдорида ҳар ойда, чоракда ёки келгандан сўнг 3 ой ичида;

-якка тартибдаги тадбиркор, оилавий тадбиркорлик субъекти ойига энг кам иш ҳақининг камида 1 баравари миқдорида  ҳар ойнинг 25 санасига қадар;

-якка тартибдаги тадбиркор ёллаган ходим, оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзоси ойига энг кам иш ҳақининг 0,5 баравари миқдорида ҳар ойнинг 25 санасига қадар;

-юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликлари аъзолари йилига энг кам иш ҳақининг камида 1 баравари миқдорида ҳар йили 1 октябрга қадар;

-4 сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган шахслар йилига энг кам иш ҳақининг камида 1 баравари миқдорида ҳисобот йилида.

Ягона ижтимоий тўловларни тўлаш тартибига кўра, фуқаро доимий яшаш манзили бўйича давлат солиқ хизмати органларига идентификация рақами (СТИР) билан мурожаат этади. Давлат солиқ хизмати органлари пенсия жамғармасининг ягона ғазна ҳисоб-рақамига ўтказиб берадилар. Пенсия жамғармасида эса автоматик равишда иш стажи ҳисоби юритилади ва фуқаролар пенсия ёшига етганда, пенсия тайинлаб берилади.

Баҳодир КАРИМОВ,

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимининг тўлов гуруҳи раҳбари.