ЯНГРА, ДОИРАМ
Дилшодбек Нажмиддинов 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг доира синфи ўқитувчиси. Тажрибали ва маҳоратли мураббий. Ўттиз йиллик фаолияти давомида кўплаб ютуқларга эришган. Ўн бешдан ортиқ шогирди бугунги кунда самарали фаолият олиб бормоқда. Хуршид Убайдуллаев Тошкент давлат консерваториясининг доира синфи битирувчиси. Отабек Абдусатторов биринчи босқич талабаси. Сарвар Очилдиев Р.Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида зарбли чолғулар йўналиши бўйича таҳсил оляпти. Нуриддин Қобулов Наманган шаҳридаги 11-сонли БМСМда, Достонбек Эргашев туманимиздаги 13-БМСМда доира синфи ўқитувчиси. Исломбек Маматов, Муҳиддин Эргашевлар Наманган ихтисослаштирилган санъат мактабида ўқишяпти.
Истеъдодли мураббий Дилшодбекнинг шогирдлари ҳар ўқув йили якунида ҳисобот концерти уюштиришади. Бу йилги концерт ҳам ўзгача тарзда, кўтаринки руҳда ташкил қилинди. Таниқли хонандалар Комилжон Неъматов, Музаффар Нишонов, Ғуломжон Тўрабоевларнинг иштироки, Умида Аҳмедова раҳбарлигидаги «Ниҳолча» қизлар гуруҳининг рақслари тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. Шу куни устоз доирачи ва туманимиз санъатининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган Раҳимжон Неъматов, Хайрулло Қамбаров, Холмуҳаммад Насриддинов, Олимжон Иброҳимов, Носиржон Шамсиддиновлар хотирланди. Тадбирда қатнашган ота-оналар фарзандларининг иқтидоридан, истеъдодлари янада камол топиб бораётганидан мамнунликларини билдиришди.
Умиджон СУЛТОНОВ.

