МУБОРАК КУН
Мустақиллик шарофати туфайли муқаддас юртимиз азал-азалдан улуғ алломалар, азиз авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтириш бахтига мушарраф бўлдик. Истиқлол йилларида Самарқанддаги Имом Бухорий ва Шоҳизинда зиёратгоҳлари, Бухородаги Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Сурхондарёдаги Имом Термизий ва Ҳаким Термизий мақбаралари, Қарши шаҳридаги Кўкгумбаз ва Одина масжидлари, Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуаси каби ўнлаб муқаддас қадамжолар маънавий-руҳий ва ахлоқий тарбиянинг таъсирчан марказлари сифатида қайтадан чирой очди. Ушбу зиёратгоҳлар бугунги кунда юртдошларимизни боболар қолдирган бой маънавий меросдан баҳраманд бўлишга, уларнинг ишларидан ибрат олишга, фахрланишга, айниқса, ёшларимизни аждодларга муносиб ворис бўлишга, уларнинг яратувчанлик фаолиятини давом эттиришга даъват қилиб келмоқда. Рамазон ойида туманимизда фаолият юритаётган 12 та масжидда ҳам соҳир овоз қориларимиз томонидан хатми қуръонлар ўтказилди.
Ҳурматли юртдошлар, Рамазон ҳайити шодлик ва хуррамлик айёми, бу кунларга соғ-омон етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, ўзаро меҳр-оқибатли, ҳусни муомалада бўлайлик, гина-қудуратни унутиб, ҳайит шарофати туфайли бир-биримизга қучоқ очайлик. Муборак ҳайит кунларини халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат билан ўтказайлик. Рамазон ҳайити арафасида улуғ айём билан муҳтарам Президентимизни, мустақиллик шукуҳи билан гуллаб-яшнаётган Ватанимиздаги барча юртдошларимизни чин дилдан, самимий муборакбод этамиз. Мустақил Юртимиз истиқболи порлоқ, тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз. Пайғамбаримиз (САВ): «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик», -деб марҳамат қилганлар. Сиз ва биз ҳамиша ана шу неъматлар қадрига етиб яшайдиган солиҳ инсонлар қаторида бўлайлик. Диёримизни қалбларимизни осойишталик, ҳаловат тарк этмасин! Яқинлашаётган Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин, азиз ҳамюртлар!
Исроилхон ҚИРҒИЗБОЕВ,
туман бош имом хатиби.

