САХОВАТ ТАДБИРИ
Бутун дунё бўйлаб ҳар йили 1 июнь «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» сифатида нишонланади. Ушбу байрам кўпчилик давлатларда «Халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни» сифатида ҳам эътироф этилади. Шунингдек, болалар кунида турли-туман қувноқ ва маданий оммавий тадбирлар, спорт мусобақалари, концертлар уюштирилади. Шу куни оғир бемор, даволанишга муҳтож ва ногирон болалар учун хайрия акциялари, тадбирлар ташкил қилинади.
Болаларни ҳимоя қилиш куни байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ҳамда ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратишдир.
Шу муносабат билан 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида туманимиздаги якка тартибда таълим олаётган 70 нафар ўғил-қиз учун «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди!» шиори остида тадбир ташкил қилинди. Унда 12, 26, 33-мактаблар ўқувчилари томонидан бадиий дастур намойиш этилди.
Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Раънохон Назарова, туман ХТБ мудири Шуҳратжон Муродов, туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Муродилла Юнусовлар иштирок этиб, болажонлар ҳамда уларга таълим бераётган устозларга эсдалик совғалари топширдилар.
Адолатхон МИРЗАРАҲМАТОВА,
36-мактаб ўқитувчиси.

