ЎЗИМНИ ИШҚ АЎЛИГА СУЛТОН ҚИЛАЙ

Ишққа тушдунг, ўтка тушдунг, куйиб ўлдунг,

Парвонадек жондин кечиб ахтар бўлдунг.

Дардга тўлдунг, ғамга сўлдунг, телба бўлдунг,

Ишқ дардини сўрсанг ҳаргиз дармони йўқ.

Ҳа, дарҳақиқат, Аҳмад Яссавийнинг бу тўртлиги Бобораҳим Машрабга аталгандек гўё. Ҳар бир китобхон Машрабнинг ҳаёти ва ижоди билан танишар экан, Машраб дармони йўқ ишқ дардида телба бўлиб, жондин кечганини билиши мумкин. Шу боисдан ислом дунёсининг улуғларидан бири Офоқ хўжа муриди қалбидаги илоҳий муҳаббат нурларини илғаб, унга Машраб (Машраб сўзининг маъноси – ишқ шаробини ичган) номини берган. Кўпчилик ўқиган ва ҳозирда ҳам китобхонларни ўзига жалб қилаётган «Қиссаи шоҳ Машраб» асарида Машрабнинг ҳаёти ва авлиёлик хислатлари, саргузаштлари ҳақиқатга қанчалик яқинлиги номаълум. Шоҳ Машраб бу мақомга эришиш, халқнинг меҳрига сазовор бўлишдан аввал илм йўлида жуда кўп меҳнат қилган. Унинг етти ёшидан ундаги валийлик хислатининг илк белгисини пайқаган, фалсафадан яхши хабардор Сўфи эшон Мулла Бозор Охунд қўлида таълим олади. У устозидан Қуръон оятлари мазмуни, ҳадис илмининг сўфийлик тариқатини яхши ўрганади, тасаввуфдан узоқлашмайди. Тасаввуф – руҳ тарбияси, ахлоқ-одоб камолоти учун қайғуриш, хаёл ва тасаввур гўзаллигидир. Машрабнинг Хизр алайҳиссаломга йўлиқиб, пайғамбар дуосини олиши ҳам бежиз эмас.

Машраб «Мабдаи нур», «Кимё» асарлари муаллифидир. «Мабдаи нур» – нурнинг келиб чиқиш жойи, «Кимё» – тасаввуф тушунчасида ғам-ғашликлардан покланган инсон, пиру муршидларнинг тушган назари, ишқ ва ошиқликнинг азобу уқубатларига бардош бериш. Шоирнинг бу асарлари унинг бутун ҳаёти мазмунидек, ҳаётий ғоя ва мақсадлари, орзу-интилишларини бизга тушунтириб берадигандек.

Машраб ўзбек мумтоз шеъриятига янги руҳ олиб кирган улкан санъаткордир. Унинг шеърияти самимийлиги ва ҳаётийлиги билан ажралиб туради.

Жаҳонгашта Машрабнинг дунёқарашича, ҳар кишининг дили эъзозлашга сазовордир. Жамики мавжудот ичида инсонни мукаррам зот деб билинади. Инсон дилида ўзига нисбатан оташин муҳаббат уйғотган. Одамнинг дилини оғритиш Каъбани вайрон қилишдек гуноҳдир. Машрабнинг нуқтаи назарича, инсонни севиш Аллоҳга муҳаббат боғлаш, инсоний камолотга эришиш ҳақиқатга етишиш билан баробардир. Шунинг учун ҳам халқнинг дардига малҳам бўлиш Машрабнинг бош муддаосидир.

Муҳаббат дардида оввора бўлган халқни кўрдим,

Кўзи вақти саҳар сайёра бўлган халқни кўрдим,

Тани дарди аламдан ёра бўлган халқни кўрдим,

Дили тиғи ситамдан пора бўлган халқни кўрдим,

Зулм туғён этибдур – ҳар бириси бехабар танҳо.

Машраб ижодини ўрганишнинг бугунги кунда муҳимлиги шундан иборатдир: инсонпарварлик, тўғрилик, меҳнатсеварлик, нафсни тийиш, ён-атрофдаги кишиларга дилозор бўлмаслик, бағрикенглик ва инсоний фазилатларни онгимизга сингдиришдан иборатдир.

Машраб ўз умри давомида юрт кезди. Мусофирлик азобу уқубатларини чекиб, пок эътиқодни тарғиб қилди. Қаландар девоналик ва шоҳлик мақомини бирдек улуғлаган Машраб меросини ўрганиш, маънавиятимиз сарчашмасидан баҳра олиш бугунги авлодлар учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Роҳатхон МАМАСОЛИЕВА,

Уйчи иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг АКМ мудири.