Кўнгил
Кўнгил – бебаҳо мулк, бўл ундан огоҳ,
Яхши инсонларга қўйгил кўнглингни.
Ҳам Яратгувчига эрур назаргоҳ,
Лек ҳеч кимга тўлиқ бермагил уни.
Шод бўлсанг, қувончга тўлади кўнгил,
Ғам чексанг, афтода бўлиб куяди.
Бад касларни у ҳам хушламас, билгил,
Сен жондан севганни у ҳам суяди.
Биласан, кўнгилнинг кўчалари мўл,
Ул бошлаган йўлга юриб тур гоҳо.
Зинҳор хоҳишига қўймагил уни,
Инон-ихтиёрингни топширма асло.
Неларни истамас эгри кўнгиллар,
Замину самони берсанг, кўнмайди.
Саҳро каби тақир бўлармиш улар,
Эзгулик уруғин эксанг, унмайди.
Кўнгилни сабрга ошно этайлик,
Аллоҳ берган неъматга айлаб қаноат.
Оламда тақво-ла яшаб ўтайлик,
Кўнгилда барқ урсин нури ҳидоят.
Ўринбой МЎМИНОВ.

