ҚАБУЛХОНА БЎЛИМИ ЗАМОНАВИЙ КЎРИНИШДА
Туман марказий касалхонасига келган бемор биринчи бўлиб қабулхона бўлимига мурожаат этади. Очиғи, бўлимнинг бир неча йиллардан бери муқим бир бинога жойлашмагани, шароитлар ҳам етарли эмаслиги эътирозларга сабаб бўлаётган эди.
-Мен ўттиз йилдан ортиқ вақтдан буён тиббиёт соҳасида фаолият кўрсатаман, -дейди қабулхона бўлими бекаси Ойшахон Жалилова. – Аввал реанимация бўлимида ишлаганман. Бу бўлимда иш бошлаганимга уч йил бўлди. Тўғриси, бўлимимизга умуман эътибор берилмасди. Фаолиятимиздан ўзимиз ҳам қониқмасдик. Оддий шароитлар йўқлигидан баъзан беморлар олдида уялиб қолардик. Биз ҳам замонавий, ҳамма шароитларга эга хоналарда ишлашни ҳавас қилардик. Бугун орзуимиз ушалди. Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Насибахон Расулова бўлимимиздаги ҳолатни атрофлича ўрганиб, мурожаатимизни ижобий ҳал этиб бердилар. Бундан жуда ҳам мамнунмиз.
-Тиббиётни ривожлантириш жамғармасининг 183 миллион сўм маблағи эвазига жорий таъмирланган қабулхона бўлими жаҳон стандарти талабларига тўлиқ жавоб беради, -дейди ТТБ бош ҳисобчиси Аброржон Саримсақов. -Бунёдкорлик ишлари «Меҳнат улуғ» хусусий корхонаси қурувчилари томонидан сифатли амалга оширилди. Жарроҳлик, умумий амалиёт, ювиниш хоналарида зарур шароитлар муҳайё этилди. Бўлим 25 миллион сўмлик янги жиҳозлар билан ҳам таъминланди. Овозли назорат камералари ўрнатилди. Умуман олганда, тиббиёт ходимлари ва беморлар учун энг керакли шароитлар яратилди.
Қабулхона бўлимининг фойдаланишга топширилишига бағишланган маросимда бўлим мудири Ҳамиджон Абдуллаев, катта ҳамшира Саодат Тўраевалар сўзга чиқиб, кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун жамоа номидан миннатдорчилик билдирдилар.
Лобархон МАШРАПОВА,
ТТБ бош ҳамшираси.

