Найман она нидоси
Оқшомларда йўлинг пойлаб толаман,
Фироқингда андуҳларга тўламан,
Қачон ширин дийдорингга тўяман?
Ахир сени туққан онанг бўламан,
Қаердасан, садо бергин, Жўломон.
Қузғунларга ем бўлдингми, болама,
Ёвузларга қул бўлдингми, болама,
Қалбимдаги энг ингичка толама,
Сени излаб қаерга йўл оламан,
Қаердасан, садо бергин, Жўломон.
Юрган йўлинг саҳромиди, чўлмиди,
Ёв чангали энг даҳшатли қўлмиди,
Элтишгани жарлик томон йўлмиди?
Ҳижронзада юрагим қон бўламан,
Қаердасан, садо бергин, Жўломон.
Куйдирдими қайноқ қумлар оёғинг,
Олишдими сендан ўтмиш сабоғинг,
Унутдингми Сариўзак қишлоғинг?
Топсам – бахтим, тополмасам сўламан,
Қаердасан, садо бергин, Жўломон.
Сариўзак овуллари ҳувуллар,
Осмонларин кўз ёшлари дувиллар,
Юрагимда аччиқ армон увиллар.
Ҳақдан буюк ҳеч орзуни сўрамам,
Қаердасан, садо бергин, Жўломон.
Йўлга чиқдим, йўлдош бўлди Оқмоя,
У ҳам мендек юрак бағри чок моя,
Сариўзак даштларида ҳамсоя,
Бормоқдамиз кезиб дашту биёбон,
Қаердасан, садо бергин, Жўломон.
Хотирангдан жудо этишганида,
Туятери қалпоқ ёпишганида,
Чанқоқ азобини топишганида,
Нажот сўраб дод солдингми ҳар томон?
Қаердасан, садо бергин, Жўломон.
Ҳаётингни ўйин қилган нокаслар,
Сенга инсон кўзи билан боқмаслар,
Наҳот сенинг кимлигингни билмаслар?
Бўталоғим, қайда бўлсанг, бўл омон,
Қаердасан, садо бергин, Жўломон.
Хотирангдан отанг номин ўчирган,
Ўз номингу онанг номин ўчирган,
Манқуртликнинг зардобини ичирган
Ёвузлардан бориб ўчим оламан,
Қаердасан, садо бергин, Жўломон.
Исминг нима, хотирангдан излаб кўр,
Айт-чи, кимнинг фарзандисан, эслаб кўр,
Кўзимга боқ, юзларимга юзлаб кўр.
«Отма», сенинг Найман онанг бўламан,
Жўломоним, Жўломоним, Жўломон!
Дилноза АЗИЗОВА.

