ИНСОН – АЗИЗ
Муқаддас Рамазони шариф кунларида юртимизда бир хабар тарқалдики, бу юртдошларимиз, қардошларимиз қалбларини шукуҳга тўлдирди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари билан Яқин Шарқдаги уруш гирдобидан 156 нафар миллатдошимиз қутқарилиб, Ватанимизга омон-эсон олиб келинди. Уларнинг юздан ортиғи болалар эканлигини ҳисобга олсак, буни инсонпарварликнинг олий кўриниши, деб баҳоласак, арзийди.
Маълумки, Сурияда бир неча йилдан бери давом этаётган хунрезликларда дунёнинг кўплаб етакчи давлатларидан одамкушлар, террорчилар билан бирга, адашганлар ҳам иштирок этмоқда. Бироқ бирор давлат раҳбари у ердаги фуқароларини қайтариш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Бу ишни бизнинг жасоратли Юртбошимиз бошлаб бердилар. Зора, бу ташаббусга бошқалар ҳам қўшилсалар, минглаб бегуноҳлар ҳаёти сақлаб қолинарди.
Бугунги кунда қутқарилган ватандошларимиз учун барча зарур шарт-шароитлар муҳайё этилган. Ўзбекистонимизда инсон нақадар улуғ ва азиз саналиши қалбларимизга ғурур бахш этади.
Ўринбой МЎМИНОВ.

