«Сарой жавоҳири»ни кўргач…

Қирол икки чўп билан

Еяр кечгача овқат,

Билмам, бунга бекалар

Қилар қандайин тоқат?

Йиғишган юз аёлни,

Фақат тайёрлаб таом.

Бундай ётиб ейишга

Чидамас тоғ ҳам тамом.

Чигиртка оёғини

Ювиб ўрар карамга.

Бу жуда тансиқ таом,

Жўнатилар ҳарамга.

Балиқ қилтириғини

Итга ташлардик доим.

Сериал кўргач, хуштаъм

Бульон қилар бегойим.

Энди кўча ариқда

Қурбақа кўринмайди,

Фақат пиширилганда

Иккига бўлинмайди.

Лагерда сувараклар

Югуришмас энди, йўқ.

Таъми ҳам зўр мурч билан,

Озроқ қўшсанг, кўнгил тўқ.

Пашшани қай овқатга

Қандай қўшса бўлади?

Жавоб излаб, ҳамма жим,

Қўймай «Тангем» кўради.

Исмоил АҚИЛОВ.