ҲАР БИР КУН ЗАВҚЛИ

«Уйчи  умид ниҳоллари» болалар оромгоҳи бу йил беш навбатда минг нафар ўғил-қизни ўз бағрига олади.

-Ўн икки кун мобайнида 200 нафардан зиёд болажон мириқиб дам олиши учун ҳамма шароитларни яратганмиз, -дейди оромгоҳ директори  Расулжон Убайдуллаев. -Нафақат туманимиз, балки Учқўрғон, Чортоқ, Наманган туманларидан ҳам дам олувчиларни қабул қиламиз.

Оромгоҳда яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, бу маскан йилдан-йилга чирой очиб бораётганига шоҳид бўлдик. Айниқса, туман ободонлаштириш бошқармаси, агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши томонидан олиб борилаётган ишлар эътирофга лойиқ.

Масканда ташкил этилган турли тўгараклар ўқувчилар бўш вақтининг мазмунли ўтиши, уларнинг жисмонан чиниқиб боришларида катта аҳамият касб этмоқда. Ўнга яқин спорт тўгараги фаолияти ибратли.

-Футбол, шашка бўйича ўтказилган мусобақалар қизиқарли баҳсларга бой бўлди, -дейди тўгарак раҳбари Авазбек Охундедаев. -Футболда 4-гуруҳ дам олувчилари ғолиб бўлишди. Шашкада Маҳлиё Исохонова, Абдураҳим Тўхтасиновлар биринчи ўринларни эгаллашди.

Яқинда оромгоҳнинг очилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Оқшом пайтига режалаштирилган ушбу тадбир ўзгача шукуҳ билан бошланди. Унда туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Абдураҳмонов сўзга чиқиб, барчани бу йилги мавсумнинг бошланиши билан табриклади. Туман маданият маркази қошидаги «Ёшлар клуби» аъзолари ҳамда бошланғич ёшлар ташкилоти етакчиси Аҳрор Мамадаминов томонидан тайёрланган бадиий дастур барчада унутилмас таассуротлар қолдирди. Шунингдек, «Йўл қоидаси – умр фойдаси»мавзусида маърифий кўнгилочар спорт тадбири, «Ёшлар оқшоми» маданий-мусиқий кечаси сермазмун ўтди.

Фарзандларимиз ишончли қўлларда эканлигидан, бўш вақти хуш ўтаётганидан беҳад мамнунмиз ва шундай шароитлар яратиб берилгани учун туман ҳокимлигига, оромгоҳ мутасаддиларига миннатдорчилик билдирамиз.

Раънохон МЎМИНОВА,

37-мактаб ўқитувчиси.