УМРБОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗНИ ЭЪЗОЗЛАБ…
Марказимизда фаолият кўрсатаётган Дилноза Йўлдошева раҳбарлигидаги тўқувчилик тўгарагида ўқувчи-қизлар бўш вақтларини мазмунли ўтказиб, миллий ҳунармандчилик сирларини ўрганишмоқда. Машғулотларда иштирок этаётган қизлар жараён жуда мураккаб, шу билан бирга, қизиқарли эканини эътироф этишмоқда. Улар тўгарак раҳбаридан илгак ва кегай ёрдамида кийим-кечак, ўйинчоқлар, кўрпа-ёстиқ жилдлари, картмон-сумка, турли хилдаги безаклар, кундалик ҳаётда зарур бўлган уй-рўзғор буюмлари ва автомобиллар учун аксессуарлар тўқишни ўрганишган ва келажакда, албатта, моҳир тўқувчи бўлиб етишишни мақсад қилишган.
Маълумки, кейинги вақтда қўл меҳнати маҳсулига эътибор кучайиб, унинг баҳоси ортиб бормоқда. Қунт ва дид билан қўлда тўқилган ҳар бир маҳсулот ўзининг бетакрорлиги билан ажралиб туради. Ҳаттоки бу турдаги айрим маҳсулотлар санъат даражасига кўтарилмоқда.
Қўл меҳнати мўъжиза, ҳақиқий санъат асарига айланиб боргани сайин тўқувчининг иштиёқи ҳам ошаверади, бу билан ўқувчилар кўникмалари янада бойиб боради. Улар орасидан номдор тўқувчилар етишиб чиқишига шубҳа йўқ.
Ўктамхон АТАВАЛИЕВА,
туман «Баркамол авлод» болалар маркази директори.

