«КОРРУПЦИЯ – АДОЛАТ КУШАНДАСИ»
касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўртасида ана шу мавзуда Республика иншолар танлови ўтказилди
Маълумки, мамлакатимизда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2752-сонли қарори асосида коррупцияга қарши кураш борасидаги ишлар мутлақо янги босқичга кўтарилди.
Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан бутун мамлакатда том маънода коррупцияга қарши уруш эълон қилинди, шу сабабли лоқайдлик, бефарқлик, иккиюзламачилик, товламачилик, фирибгарлик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик, порахўрлик каби иллатларнинг содир этилишига қарши курашда барчанинг фаоллиги яққол кўзга ташланмоқда.
Шу маънода, касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, катта ҳаётга қадам қўяётган 3-босқич ўқувчилари онгу тафаккурида коррупцияга қарши муросасиз кайфиятни шакллантириш, уларнинг бу иллатга қарши мустаҳкам иммунитетга эга бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Чунки мазкур ёшлар коллежни битиргандан кейин муайян давлат ва жамоат ташкилотларида, меҳнат жамоаларида фаолият кўрсатиши, ўз ҳаёти давомида коррупция билан боғлиқ ҳолатларга дуч келиши, бу иллатнинг қурбонига ёки унинг ижрочисига айланиши хавфи бор. Шу сабабли касб-ҳунар таълими тизимида коррупцияга қарши курашнинг самарали механизмини жорий этиш мақсадида алоҳида тармоқ дастури ишлаб чиқилган ва шу асосда бир қатор ижобий ишлар ва ташаббуслар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, касб-ҳунар таълими Марказининг 2019 йил 27 майдаги 269-сонли буйруғи асосида жорий йилнинг 15 июнь куни барча касб-ҳунар коллежлари 3-босқич ўқувчилари ўртасида «Биз, ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт!» шиори остида «Коррупция – адолат кушандаси» мавзусида Республика иншолар танлови ўтказилди.
Танловни ўтказишдан асосий мақсад – ёшларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билимларини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, ёшларимизни давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги мавжуд коррупциядан огоҳлантириш, коррупцион ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун жазо муқаррар эканлигини чуқур англатишдан иборат.
Мазкур танлов Уйчи қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида юксак уюшқоқликда ташкил этилди. Дастлаб туман адлия бўлими вакили Баҳодир Қодиров, вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармасидан Даврон Турғунов, туман Кенгаши депутати Муҳаммадали Қамбаровлар сўзга чиқиб, мавзуга доир мулоҳазалар билдирдилар. Фаоллар зали ва гуруҳ хоналарида ташкил этилган танловда 345 нафар битирувчи қатнашди. Танлов доирасида ўқувчи-ёшларнинг коррупцияга қарши кураш мазмунидаги «Энг яхши плакат», «Энг яхши сурат» номинациялари бўйича тайёрлаган ижодий ишлари ҳам намойиш этилди. Ёрқўрғон маданият маркази ходимлари маданий хизмат кўрсатишди.
Уйчи саноат, транспорт ва алоқа ҳамда педагогика коллежларида ҳам танлов уюшқоқликда ўтди.
Муҳаммаджон АТАБОЕВ,
туман Кенгаши депутати.

