ДИАГНОСТИКА МАРКАЗИ ИШ БОШЛАДИ

Юртбошимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги «Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида»ги ПҚ-2863-сонли қарори соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини ривожлантиришда давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим қадам бўлди. Туманда ҳам тиббиёт соҳасининг хусусий секторини барқарор ривожлантириш, ушбу тармоқ фаолиятини янада кенгайтиришга соғлиқни сақлаш тизимининг давлат соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан кўрсатилаётган кенг турдаги тиббиёт хизматларини сифат жиҳатдан юксалтириш ва янада тўлдиришга хизмат қиладиган таркибий қисм сифатида қаралмоқда.

Шифокор МФЙ ҳудудида янги қад ростлаган диагностика марказида офтальмология, педиатрия, УЗИ, УТТ, гинекология бўйича мутахассислар ўз фаолиятларини бошлашди. Шунингдек, бинонинг ертўла қисмида 80 ўринли «Авакадо» кафеси ҳам ишга тушди, аҳолига беминнат хизмат кўрсатмоқда.

-Марказимиз энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Врачларнинг барчаси олий тоифали мутахассислар бўлиб, уларнинг аксарияти даволаш муассасаларида малака оширган. Улар замонавий тиббий техника ва аппаратларда тегишли муолажаларни амалга оширишда етарли тажрибага эга. Шунингдек, клиниканинг ишга тушиши билан 8 та янги иш ўрни яратилди, -дейди тадбиркор Зуҳриддин Отаев.

Марказнинг очилиш маросимида туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа  Апақов иштирок этди ва сўзга чиқди.