ГУЛИСТОНЛИКЛАР МАРРАДА
«Уйчи Гулистон» ММТП ҳудудида жойлашган 21 та фермер хўжалиги ғаллакорлари давлатга дон етказиш бўйича белгиланган шартномавий режани 5 иш кунида бажариб, зафар қучдилар.
Жорий йилда 830 гектар майдондан 3371 тонна бошоқли дон ишлаб чиқариш, ҳар гектар май-дондан 41 центнердан ҳосил олиш режалаштирилган эди. Шундан қўшимча режаси билан 2003 тонна товар дон сотиш бўйича «Учқўрғон дон маҳсулотлари» корхонаси ўртасида контрактация шартномалари тузилган.
Гулистонлик миришкорлар оғир иқлим ва ер шароити, тошлоқ майдонлар бўлишига қарамасдан, белгиланган режани шараф билан бажариб, туман қишлоқ хўжалиги тарихида биринчи марта 3735 тонна бошоқли дон ишлаб чиқардилар. Ҳосилдорлик ўртача 45 центнерданга тўғри келди. Давлат омборларига 2204 тонна товар дон топширилди.
Бу юксак марранинг забт этилишида ҳудуддаги фермер хўжаликларининг ишчи-хизматчилари, отряд раҳбарлари ва уларнинг таркибидаги туман ИИБ ходимлари, комбайн операторлари, ҳайдовчиларнинг ҳиссалари катта. Айниқса, туман ИИБ бошлиғи Ғайрат Ғаниев раҳбарлигидаги 3-сектор, «Уйчи Гулистон» ММТП раҳбари Мусохон Сатимов бошчилигидаги соҳа мутахассисларининг жонкуярликлари эътирофга лойиқ.
Шартнома режасининг қисқа муддатда бажарилишида «Девдас ороли», «Абдумалик», «Гулистон Лочин парвози», «Мастура Зилол Гулистон», «Зарнигор Гулистон», «Абдурайим», «Оролобод», «Сахий Баҳодир», «Муниса зиё нур», «Жуманазар Малоҳат» каби фермер хўжаликлари омилкор деҳқон ва фермерларининг салмоқли улушлари бор.
Гулистонлик фермерлар қишлоқ хўжалигида амалга оширилиши лозим бўлган барча агротехник тадбирларни изчил давом эттирмоқдалар. Пахтачиликда ҳам мўл-кўл ҳосил етиштириш учун муносиб замин ҳозирламоқдалар.
Зафар муборак, ғолиблар!

