ЖАМИЯТ РИВОЖИГА ТЎСИҚ БЎЛМАСИН

Юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан олиб борилаётган ислоҳотларни кузатар эканмиз, ислоҳотлар барча соҳаларни ва ўз ечимини кутаётган оғриқли муаммоларни ҳал қилишга қаратилганини кўрамиз. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5729-сонли Фармони ҳам ўз вақтида қабул қилинди, десак муболаға бўлмайди.

Мазкур Фармон билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури, коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби тасдиқланди.

Фармон билан қабул қилинган Давлат дастурини ўрганар эканмиз, коррупцияга қарши курашишни мактабдан бошлаб, барча таълим босқичларини қамраб олган ҳолда чора-тадбирлар белгилаб берилганини кўришимиз мумкин. Давлат дастурида 2019 йил 1 декабрга қадар ахборот технологиялари ва коммуникацияларидан фойдаланиш орқали судьяларни очиқ, ошкора танлаш ва тайинлаш механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан: танлов натижаларини оммавий ахборот воситаларида,  Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг веб-сайтида эълон қилиш; судьялар аниқ ифода этилган ошкора мезон ва тартиблар асосида баҳоланишини таъминлаш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш, суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш, судьялар малака ҳайъатлари котибларининг ролини ошириш, уларга коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш вазифасини юклаш; судьялар малака ҳайъатлари котибларининг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича Суд инспекцияси билан самарали ҳамкорлик қилиш, одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашиш фактлари бўйича судьяларнинг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Суд инспекциясига аноним тарзда мурожаат қилиш тартибини жорий этиш; коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини тизимли ва чуқур таҳлил қилишни ва уларнинг олдини олишни таъминлаш бўйича қўшма қарор қабул қилиш; 2020 йил 1 сентябргача коррупция билан боғлиқ жиноятлар ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш ҳамда бошқа бир қатор қонунларни қабул қилиш белгилаб берилди.

Коррупцияга қарши курашишда ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшса, бу жамиятимиз ривожига хизмат қилади.

Ж.МАМУРОВ,

жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.