ҚУЛАЙ ВА САМАРАЛИ ТИЗИМ

2016 йил 28 октябрда Президентимиз томонидан тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Унга кўра, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграциялашган интернетда янги тизим орқали тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан кеча-ю кундуз ўтказиш ва ҳисобга қўйишни таъминлаш белгиланди. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 9 февралдаги қарори асосида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида, тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисида низомлар ҳамда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда рўйхатдан ўтказувчи органлар ва ваколатли ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги регламенти тасдиқланди ҳамда жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб амалга киритилди.

Янги тизим жорий этилиши билан тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишда қатор қулайликлар йўлга қўйилди. Апрель ойидан эътиборан  тадбиркорлик субъектлари «Ягона дарча» марказига шахсан келиб ёки www.my.gov.uz портали орқали давлат рўйхатидан ўтиши мумкин. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар рўйхатдан ўтиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар қисқартирилди. Эндиликда рўйхатдан ўтиш учун белгиланган тартибда тўлдирилган ариза ва таъсис ҳужжатларини тақдим этишнинг ўзи етарли ҳисобланади. Таъсис ҳужжатлари давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан текширилмайди, яъни экспертиза қилинмайди.

Тадбиркорлик субъектлари – жисмоний шахслар эса давлат рўйхатидан ўтиш учун фақатгина белгиланган шаклдаги аризани тақдим этади, холос.

Тадбиркорлик субъектлари агар давлат рўйхатидан ўтиш учун интернет орқали мурожаат этса, давлат божларининг белгиланган миқдоридан ярмини тўлайди. Бу эса тадбиркорларимизни янада кўпроқ АКТ имкониятларидан фойдаланишига рағбат бўлади. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномалар ҳам қоғоз кўринишида берилмайди. У тизимда шаклланади ва гувоҳномани тадбиркорлик субъектлари исталган нусхада чоп этиши мумкин. Тегишли органлар эса тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотни тизим орқали билиши мумкин. Фирма номларини олиш ҳам реал вақт режимида амалга оширилади. Давлат реестри марказлашган тарзда тизим орқали тегишинча «Ягона дарча» марказлари томонидан шакллантирилади ва юритилади. Қайта ташкил этилаётган тадбиркорлик субъекти – юридик шахснинг бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида эълон беришига ҳам ҳожат қолмайди. Мазкур хабарномани Ягона порталда эълон қилишнинг ўзи етарли бўлади.

Раҳимжон БОЙМИРЗАЕВ,

туман «Ягона дарча» маркази бўлим бошлиғи.