ОНАЛАР ВА БОЛАЛАР САЛОМАТЛИГИНИ КЎЗЛАБ…
Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси(КТМП)да «Оналар ва болалар ўлимининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар» мавзусида семинар-йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Д.Камолов, туман прокурори катта ёрдамчиси И.Алиматов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Л.Аҳмедова, вилоят «Репродуктив саломатлик маркази» раҳбари Ю.Адашев, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари М.Раҳмонов, «Оила» илмий-амалий маркази туман бўлими раҳбари С.Юнусовалар сўзга чиқиб, мавзуга доир мулоҳазалар билдиришди. Жумладан, репродуктив саломатлик бўйича туманимизда ҳам муайян ишлар амалга оширилди, туғруқхона бўлими замонавий жиҳоз-лар билан таъминланди, туман КТМПда скрининг хонаси ташкил қилиниши ногирон болалар туғилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тумандаги барча бирламчи тизим – даволаш профилактика муассасаларида «Аёллар маслаҳатхонаси», «Қизларни соғломлаштириш хоналари» фаолияти йўлга қўйилган. Шу кунларда давом этаётган «Соғлом аёл ойлиги»да оналар ва болалар ўлимининг олдини олишда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, профилактик тиббий кўриклар сифатли, самарадорли ўтказилиши зарурлиги таъкидланди.
Вилоят тиббий марказларидан ташриф буюрган мутахассислар «Ҳомиладор аёлларнинг ҳаёт тарзлари ва уларнинг тўғри овқатланиши», «Соғлом ҳомиладорлик ва бу даврда учрайдиган касалликлар, уларни даволаш», «Болаларда учрайдиган хавфли белгилар» мавзуларида слайдлар асосида маърузалар ўқишди. Ҳомиладорлар ва уларнинг қайноналари томонидан берилган саволларга жавоблар қайтарилди. Ҳомиладорлар вилоят, туман мутахассислари томонидан кўрикдан ўтказилди. Тадбир сўнгида кам таъминланган оилалардаги камқонлик аниқланган ҳомиладор аёлларга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи варақалар, дори-дармонлар бепул тарқатилди.
Раънохон ҲАМДАМОВА,
ТТБ бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари.

