ЎЗБЕКИСТОН КУБОГИ ҒОЛИБЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Спорт курашлари ассоциациясининг мусобақалар ўтказиш календарь режасига асосан 13-16 июнь кунлари 1-БЎСМда аёллар кураши бўйича 2001-2005 йилларда туғилган қизлар ўртасида Ўзбекистон кубоги учун мусобақалар бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан 300 дан ортиқ курашчи иштирок этди.

Мусобақанинг очилиш маросимида туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов сўзга чиқиб, юртимизда аёллар спортига берилаётган кенг имкониятлар ҳақида сўзлади ва барча иштирокчиларга омад тилади. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. 4 кун бўлиб ўтган муросасиз баҳслар якунида ғолиблар аниқланди.

Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Мусобақани ташкил этишда Уйчи туман ҳокимлиги, туман хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман маданият бўлими, «Ёшлик» ЖТСЖ туман кенгаши, туман жисмоний тарбия ва спорт, Ўзбекистон Спорт курашлари ассоциацияси вилоят бўлимлари жамоалари фаоллик кўрсатдилар.