«ҲОКИМ ВА ЁШЛАР»

Ўтаётган ҳар бир кун тарих саҳифаларига муҳрланмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан мамлакатимиз ёшларининг янги ташкилоти – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, 30 июнь санаси Ёшлар куни, деб эълон қилингани ва бу кенг нишонлангани ҳам бежиз эмас.

Мамлакатимизда «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун, «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқини қўллаб-қувватлаш тўғрисида», «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги  Фармонларнинг қабул қилиниши катта тарихий аҳамиятга эга.

Туманимизда 207 мингдан ортиқ аҳоли бўлса, шундан 103589 нафарини ёшлар ташкил этади. Улардан 65891 нафари 14-30 ёшдагилар. Бу жуда катта кучдир.

Мактабларнинг 11-синфини бу йил 1343 нафар йигит-қиз тамомлаб, улардан 31 нафари олтин, 27 нафари кумуш медаль билан мактабни тамомлагани, албатта, қувонарлидир.

Санъат, спортда юксак натижаларга эришаётган, Уйчи довруғини бутун мамлакат, жаҳонга танитаётган ёшларимизнинг борлиги ғурур бағишлайди.

Туман ҳокимлигида бўлиб ўтган навбатдаги «Ҳоким ва ёшлар» учрашувига иқтидорли, фаол ёшлар билан бирга тадбиркорликка иштиёқи бор ёшлар вакиллари ҳам таклиф этилди. Ҳар галгидан ўзгача ва норасмий тарзда ўтган учрашувда ёшлар эмин-эркин фикр билдириб, таклифларини айтдилар. Улардан айримларини келтирамиз: «Бизнинг туманда ҳам замонавий ёшлар маркази қуриладими?», «Туман марказида кутубхона очиладими?», «Уйчида ҳам сузиш ҳавзаси бўладими?», «Мен тадбиркорлик фаолиятимни бошлашим учун қандай имтиёзли кредитлар бор?» Шу ва бошқа бу каби саволларга туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов ҳамда соҳа раҳбарлари жавоб қайтардилар.

Туман маданият маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли санъаткорлари, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг иқтидорли ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури барчага манзур бўлди.

Учрашув давомида бир гуруҳ ёшлар туман ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғаси билан тақдирландилар. Ўз навбатида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Анваржон Атақўзиев туманимиз раҳбарига юксак эътибор учун миннатдорчилик билдириб, «Ташаккурнома» ва китоблар тўпламини тантанали тарзда топширди.

Умиджон СУЛТОНОВ.