МАҚСАД – ТАЪМИНОТНИ ЯХШИЛАШ, СИФАТЛИ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

Электр энергияси инсоният ҳаётига кириб келиши билан оғиримизни енгиллаштириб, ўзига шундай ўргатдики, бугун усиз яшашни тасаввур қилиб бўлмайди. Кундан-кунга технологиянинг илғор ютуқлари пайдо бўлаётган бир вақтда электр энергияга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги «Обод қишлоқ» дастурини 2019 йил амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4201-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида корхонамиз томонидан 2019 йил дастурига киритилган ҳудудларда электр таъминотини яхшилаш, аҳолига сифатли электр энергияси етказиб бериш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Деҳқон МФЙда 0,78 км. 10 кВ.ли, 2,5 км. 0,4 кВ.ли ҳаво тармоғи тортилди. Гулистон МФЙда 1 комплект қуввати 160 кВА.ли трансформатор пункти қурилди, 2 км. 0,4 кВ.ли «СИП» русумидаги Россия технологияси стандартида жорий қилинган кабеллар тортилди. Ёркатай МФЙда 2 комплект қуввати 250 кВА бўлган трансформатор пункти қуриб битказилди. Бугунги кунда Ҳожиобод, Янгиер МФЙларида 4,5 км. эскирган 10 кВ.ли Маёқ ҳаво тармоғи реконструкция қилинмоқда.

«Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ томонидан маблағлар ажратилиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туман ЭТК ҳудудидаги трансформатор пункти ва 10-6-0,4 кВ. ҳаво тармоқларини мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етмоқда. Шу билан биргаликда аҳоли ва истеъмолчилардан электр қурилмалари, яъни 10-6-0,4 кВ.ли ҳаво тармоқлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги «Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 1050-сонли қарори талабларига мос равишда бўлишини сўраймиз. Электр тармоқлари объектлари ўзининг муҳофаза майдонига эга, муҳофаза майдонини бузган истеъмолчиларга электр қурилмаларга етказган зарарларининг белгиланган тартибда қопланишигача чора кўрилиши мумкин. Баланд ўсувчи дарахтларни экмаслик ва ўсганларни кесишликка туман ЭТК ходимлари билан биргаликда ҳаракат қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу ҳавонинг бузилиши, шамол ва ёмғир кунлари фавқулодда электр энергияси узилишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Бекзод БАҲРИДДИНОВ,

туман ЭТК бошлиғи.

Суратларда: 1. Электромонтажчи Санжар Садриддинов (ўнгда) ҳамда Ровот участкаси устаси Юсуфжон Одилов.

  1. Ҳайдовчи Аҳмаджон Алимсоқов.