АСР ВАБОСИ

Башарият келажак сари илгарилаб, тараққиётнинг янги-янги чўққиларини забт этиб борар экан, демак, доимо униб-ўсишда. Бироқ жаҳонда барча халқлар, миллатлар ва давлатлар келажагига таҳдид туғдирувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб келмоқда. Ана шундай хатарли иллатлардан бири гиёҳвандлик балосидир. Зеро, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига хавф солиш билан бирга, мамлакат тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади. Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши атроф-муҳитда бўлаётган воқеаларга бепарво бўлиб қолади. Унинг гирдобига тушганлар нафақат ўз яқинлари, балки юртини ҳам танимайдиган манқуртга айланади. Мана шунинг ўзиёқ гиёҳвандликнинг нақадар тубанликка олиб боришини англатади. Инсон учун энг бебаҳо бойлик саломатлик бўлиб, уни асраш эса ҳар биримизнинг қўлимизда. Гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама улкан зарар беради. Буни дунё тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Гиёҳвандлик оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиш, бевақт ўлим ҳолатлари, мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди.

Муборак динимиз таълимотларида кишининг ҳамма томондан, ички дунёси ҳам, ташқи қиёфаси ҳам гўзал, соғлом, пок бўлиши талаб этилади. Инсоннинг ўз танаси ва соғлигини асраши, ҳалокатга олиб борувчи иллатлардан сақланиши вожиб саналади. Юртимизда гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Оммавий ахборот воситаларида, таълим даргоҳларида ва барча меҳнат жамоаларида дунёда «аср вабоси» деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида айтилмоқда, кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Агар сиз ва биз ўз яқинларимизни, оилаларимизни ушбу иллатдан, унинг салбий оқибатларидан сақлай олсак, дунёмиз ва охиратимиз обод бўларди.

Исроилхон ҚИРҒИЗБОЕВ,

туман бош имом хатиби.